|
14.07.2010 г. |
|
Британия ҳукумати ўсмирларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастурини тақдим этди, унда асосан кўнгилли пенсионерлар ишлашади.
Бу ғоя Британия ҳукумати давлат котиби ёрдамчиси лавозимида ишлайдиган ва ижтимоий сектордаги ислоҳотлар учун масъул бўлган лорд Фрейддан чиққан эди. Янги лавозимига сайланмасидан олдинроқ лорд ушбу лойиҳа учун ўз чўнтагидан 200 минг фунт стерлингга яқин маблағ сарфлаган. Бу ташаббус ўсмирларга ҳаётий тажрибага бой бўлган буви ёки боболар билан мулокотда бўлиш имкониятини тақдим этишдан иборатдир.
Кекса британияликлар ўсмирларнинг ишга жойлашиши, ота-оналари ва дўстлари билан муносабатларини йўлга қўйиши масалалари ва ўқиши борасида кўмаклашадилар. 50 ёшдан юқори бўлган кўнгилли бувижонлар ва бобожонлар аввал дастур раҳбарлари томонидан танлаб олинади, кейин 14 дан 19 ёшгача бўлган ўсмирлар билан ишлаш бўйича махсус ўқув машғулотларини ўтайдилар. Бугунги кунда махсус ўқитилган бува-бувалар сони 18 нафарга етди.
“Ўсмирлар ҳаёт йўлини бошлаш арафасида туришибди, уларнинг қаршисида улкан имкониятлар билан бирга ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб муаммолар ҳам мавжуд, — дейди кўнгилли бувижонлардан бири бўлмиш Сара хоним. — Бу борада менинг асосий қиладиган ишим ўсмирнинг ҳис-туйғуларини, юрагидаги гапларини тинглаш ва ўзимнинг ҳаётий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда унга иложи борича кўмаклашишдан иборатдир”.
Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Болгарияда бошланган ижтимоий дастурга кўра, набираларини парваришлаб ўтиришга рози бўлган бобо ва бувиларнинг нафақасига 240 лев (120 евро) қўшиб берилади.
|