7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Янгиликлар
Янгиликлар
ФИЛИППИНДА ЗИЛЗИЛА Принтер учун E-mailга юбориш
06.02.2012 г.
Image

Бугун эрталаб Филиппинда магнитудаси 6,7 га тенг ер силкиниши қайд этилди.
Зилзила пойтахт Маниладан 500 километр узоқликдаги Негрос оролида рўй берган. Филиппин Вулқоншунослик ва сейсмология институти маълумотига кўра, зилзила туфайли баландлиги 1 метрга етадиган цунами хавфи пайдо бўлган. Шунинг учун соҳил бўйида яшовчиларга хавфсиз жойларга кўчиш тавсия қилинган. 
Зилзила пайтида йиқилган бетон девор бир болани босиб қолган. Кўплаб аҳоли пунктларида одамлар ваҳимага тушиб, уйлари ва биноларни тарк этишган. Маҳаллий ҳукумат бир қанча бинога зарар етганини маълум қилди.
Ер силкиниши туфайли қурбон бўлганлар ва жабр кўрганлар сони аниқланмоқда.

 
ВЕНЕЦИЯ КАНАЛЛАРИ МУЗЛАДИ Принтер учун E-mailга юбориш
06.02.2012 г.
Image

Европада совуқ ҳамон ўз қаҳрини кўрсатмоқда. Венецияда сўнгги 80 йил ичида биринчи марта каналлар музлаб қолди.
Ҳаво совуқ бўлса-да, анъанавий Венеция карнавали бекор қилинмади. Карнавалнинг расмий очилиш маросими 11 февралга белгиланган, аммо тантаналар 4 февралдаёқ бошланиб кетди.
Венецияда қаҳратон қишга қарамай, хушчақчақлик авжига чиққан бўлса, Боснияда қидирув-қутқарув ишлари тўхтатилгани йўқ. Қутқарув хизматлари машинаси қорга тиқилиб қолган ҳайдовчиларга ёрдам бермоқда. Айрим ҳудудларга машинада бориб бўлмайди, шунинг учун вертолётлардан фойдаланишга тўғри келмоқда.
Хорватияда ўнлаб қишлоқлар ташқи дунёдан узилиб қолган. Икки метрли қор уюмидан махсус техникаларни олиб ўтиб бўлмаяпти. Кучли қор бўрони қишлоқларга вертолётда боришга имкон бермаяпти.
Сербияда эса фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бугундан бошлаб мактаблар 10 февралга қадар ёпилди.

 
ЕЛИЗАВЕТА II ҲУКМРОНЛИГИГА 60 ЙИЛ ТЎЛДИ Принтер учун E-mailга юбориш
06.02.2012 г.
Image

Бугун Буюк Британия қироличаси Елизавета II тахтга ўтирганлигига 60 йил тўлди. У айни пайтда Британия Ҳамдўстлигига кирувчи 15 та давлатнинг қироличаси ҳамдир (улар орасида Австралия, Канада, Янги Зеландия, ЖАР, Ямайка бор).
1952 йилнинг худди шу куни Эдинбург герцогиняси малика Элизабет Александра Мэри Виндзор тахтга ўтириб, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироличаси, Ҳамдўстлик мамлакатлари раҳнамоси ва Эътиқод ҳимоячиси Елизавета II га айланган эди. Отаси Георг VI 56 ёшида коронар тромбоздан вафот этган шу куни 25 ёшли бўлажак қиролича турмуш ўртоғи билан Кенияда эди.
Айтиш керакки, «бриллиант юбилей»га бағишланган расмий тантаналарнинг аксарияти ёзда бўлиб ўтади (об-ҳаво инжиқликлари байрамга таъсир қилмаслиги учун). Масалан, 2-5 июнь кунлари дам олиш деб эълон қилинган.
Ҳозирга қадар Елизавета II 21 минг 915 кунни тахтда ўтказди, 3,5 мингдан ортиқ парламент қарорларини имзолади, нақ 12 та бош вазир алмашишига гувоҳ бўлди. У тахтга ўтирганда Британия Ҳамдўстлигига 32 та давлат кирар эди, эндиликда уларнинг сони 16 тани ташкил этади.
Қиролича 600 та хайрия ташкилотининг ҳомийси, 400 мингдан ортиқ турли-туман унвонлару мукофотларнинг соҳибаси ҳисобланади. У 261 марта хорижий ташрифларни амалга оширган, дунёнинг 116 та давлатида бўлган.

 
МАЙАМИ – БАХТСИЗЛАР ШАҲРИ Принтер учун E-mailга юбориш
06.02.2012 г.
Image

Forbes журнали «АҚШдаги энг бахтсиз шаҳарлар» рўйхатини тузди ва кўпчиликни ҳайрон қолдирган кўйи биринчиликни Майамига раво кўрди.
Рўйхатни тузган мутахассисларнинг таъкидлашича, серқуёш Майами ўзининг ҳамашатли виллалари, меҳмонхоналари ва чиройли пляжлари билан бир қарашда «жаннатнинг бир бўлаги»га ўхшаб кетади, лекин аслида ундай эмас. Ушбу шаҳарда жиноятчилик юқори даражада, қолаверса, сўнгги йилларда бунга яна бир жиддий муаммо – турар жой инқирози ҳам қўшилди. «Майами аҳолисининг атиги 1 фоизи ҳаётини эртакларга ўхшатади, – дейди Forbes муҳаррири Курт Баденхаузен. – Қолганлар эса турмуш қийинликларидан шикоят қилади». Жаноб Баденхаузен шаҳарда камбағаллар ва бойлар ўртасидаги фарқ йилдан-йилга катталашиб бораётганини айтади.
АҚШнинг собиқ автомобиль пойтахти Детройт «Бахтсиз шаҳарлар» рўйхатининг иккинчи ўрнидан жой олди, бу шаҳар жиноятчилик бўйича биринчи ўринда. General Motors компаниясининг асосий ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган Флинт шаҳри эса учинчиликни «эгаллади».
Рўйхатнинг илк ўнталигида, шунингдек, қуйидаги шаҳарлар ҳам бор: Уэст-Палм-Бич (Флорида штати), Сакраменто (Калифорния), Чикаго (Иллинойс), Форт-Лодердейл (Флорида), Толидо (Огайо), Рокфорд (Иллинойс) ва Уоррен (Мичиган).

 
ЗИДАН СУДЛАШМОҚЧИ Принтер учун E-mailга юбориш
03.02.2012 г.
Image

Футбол юлдузи Зайниддин Зидан франциялик ҳажвчи Кристоф Алевекни судга берди.
Ҳажвчи телекўрсатувлардан бирида Зиданнинг реклама соҳасидаги фаолиятини ҳақоратомуз оҳангда қаттиқ танқид қилган. Энди собиқ футболчи ундан 75 минг евро маънавий зарар ундирмоқчи.
Маълумки, Зайниддин Зидан 2006 йилги жаҳон чемпионатидан кейин футболдаги фаолиятига якун ясаган эди. Шундан кейин у ўзига хос спорт «элчиси» сифатида бир қанча реклама роликларида (ҳам тарғибот мақсаддагиси, ҳам тижорий лойиҳаларда) суратга тушган.
Алевек Зиданнинг тез-тез рекламаларда кўринишига кескин фикр билдирган, унинг энг юмшоқ танқиди собиқ футболчини «мияси йўқ реклама плакати» деб аташ бўлган.
Суд ҳукми март ойида эълон қилинади.

 
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

Натижалар 1 - 9 509