7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

МАРСДАН ТУШГАН МЕТЕОРИТ
Янгиликлар
18.01.2012 г.
Image

Ўтган йилнинг июнида Марокашдаги саҳрода меторит ёмғири юз берган эди. Олимларнинг аниқлашича, бу метеоритлар йирик астероиднинг Марс сайёраси билан тўқнашуви натижасида ҳосил бўлган.
Таъкидлаш керакки, Марокашга тушган метеоритлар сайёрамиз иқлими ва микроорганизмлари таъсирига учраб улгурмаган. Шу пайтгача метеорит ёмғири атиги тўрт марта – 1815, 1865, 1911 ва 1962 йилларда кузатилган эди.
Марокаш саҳросида топилган метеоритларнинг умумий оғирлиги 11 килога етади. Ер юзига Марсдан тушган метеоритларнинг жами оғирлиги эса 100 кило атрофида.
Одатда бундай метеоритларнинг 1 грамми 300 дан 1000 долларгача музейлар, олимлар ва коллекционерларга сотилади. Таққослаш учун айтиш керакки, ҳозирда тилланинг 1 грамми 58 долларга баҳоланяпти.
«Бу метеоритларни ўрганиш орқали олимлар Қизил сайёранинг атмосфераси, иқлими, у ерда органик моддаларнинг бор-йўқлиги ҳақида қимматли маълумотларни қўлга киритишлари мумкин», – дейди Нью-Мексико университети ҳузуридаги Метеоритлар ва метеор жисмлар институти директори Карл Эйжи.

 
АҚШДА ДЕЛЬФИНЛАР СУИҚАСДИ
Янгиликлар
18.01.2012 г.
Image

Охирги бир неча кун ичида АҚШнинг Массачусетс штатида 60 дан ортиқ дельфин уммон соҳилига ўзини отиб, ҳалок бўлди.
Жониворларни ҳимоя қилувчи халқаро жамғарма вакилларининг билдиришича, ўзини соҳилга отган дельфинларнинг фақат 19 таси қутқариб қолинган. Керакли ёрдам кўрсатилиб, махсус белги қўйилгач, улар уммонга қўйиб юборилган.
Айни пайтда қутқарувчилар ва 300 га яқин кўнгиллилар Кейп-Код пляжида навбатчилик қилиб, яна дельфинлар ўзини соҳилга отадиган бўлса, ёрдам кўрсатишга тайёр туришибди. 
Январ ойи бошида шунга ўхшаш ҳолат Янги Зеландияда ҳам кузатилган эди.
Олимлар дельфинлар ва бошқа денгиз жониворларининг жамоавий тарзда ўз жонига қасд қилиш сабабини билишмайди. Тахминларга кўра, бунга ҳарбий гидролокаторлар сабаб бўлиши мумкин. Гидролокаторлар таъсирида жониворлар эшитмай қолади ва оқибатда йўлидан адашиб кетади.

 
7000 CАЙТ НОРОЗИЛИК БИЛДИРДИ
Янгиликлар
18.01.2012 г.
Image Untitled Document

Бугун минглаб сайтлар АҚШнинг интернет қароқчиликни тўхтатишга қаратилган қонун лойиҳаси – SOPA (Stop Online Piracy Act)га қарши норозилик сифатида ўз фаолиятини бир кунга тўхтатди.
Норозиликнинг энг аввалида Wikipedia онлайн энциклопедияси бор. Жумладан, бугун Wikipediaнинг инглиз тилидаги сектори ишламади. Бу ҳақда кеча энциклопедия асосчиси Жимми Уэльс хабар берган эди. Wikipediaни очишингиздан бир неча сония ўтиб қуйидаги ёзув чиқади: «Эркин ахборот тарқатиш бўлмаса, дунё қандай бўлишини тасаввур қилиб кўринг».
«Биз инсоният тарихидаги энг йирик энциклопедияни яратиш учун 10 йилдан ортиқ вақт сарфладик. Агар SOPA қабул қилинса, барча ҳаракатларимиз ҳабада бўлади. Сўз эркинлиги хавф остида», – дейди Wikipedia асосчилари.
Wikipediaдан ташқари яна 7000 дан ортиқ сайт ҳам SOPAга қарши норозилик билдирди. Уларнинг айримлари норозилигини билдирувчи баннер ўрнатган бўлса, аксарияти бир кун фаолият кўрсатмасликка қарор қилган.
Норозилик билдирганлар қонун лойиҳасининг мукаммал эмаслигидан ташвишда. Уларнинг фикрича, агар SOPA кучга кирадиган бўлса, интернетда қароқчиликка қарши кураш шиори остида жуда кўплаб сайтлар зарар кўриши, эркин ахборот алмашишга тўсиқ қўйилиши мумкин.

 
ГРЕЦИЯ ЯНГИЛИКЛАРСИЗ ҚОЛАДИ
Янгиликлар
17.01.2012 г.
Image

Бугун грециялик журналистлар иш ўринлари ва маошнинг қисқартирилишига қарши норозилик намойишини бошлашди.
Оқибатда мамлакат нақ икки кун янгиликларсиз қоладиган бўлди. Норозилик намойишида давлат ва хусусий секторга қарашли барча оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашмоқда. Телеканаллар янгиликлар ўрнига илмий-оммабоп кўрсатувлар намойиш этяпти, радиостанцияларда эса фақат мусиқа янграяпти.
Шунингдек, Афина ахборот агентлиги ҳам ўз фаолиятини тўхтатган. Интернетдаги янгиликлар сайтлари янгиланмаяпти, чоршанба ва пайшанба кунлари бирорта ҳам газета нашр этилмайди.
Сўнгги икки йилда иқтисодий муаммолар туфайли Грециядаги иккита йирик газета ёпилди. Айни пайтда хусусий «Алтер» телеканали ва 1975 йилдан бери чиқа бошлаган «Элефтеротипия» газетаси банкротлик ёқасида турибди. Ҳар икки оммавий ахборот воситаси ходимлари бир неча ойдан бери маош олмаяпти.
Мамлакатдаги инқироздан, айниқса, оммавий ахборот воситалари кўпроқ зарар кўряпти. Охирги икки йил ичида ҳудудий матбуотдан 4 минг ходим бўшатилган. Бугун эса Греция радио ва телевидение холдингида ишлаётган тахминан 650 ходимнинг вақтинчалик меҳнат шартномаси тугайди.
Журналистларнинг норозилик намойиши порт ишчилари, адвокатлар, врачлар, ўқитувчилар, банк хизматчилари намойишлари билан бир пайтда ўтмоқда.

 
2012 ЙИЛ ТИББИЁТИДАГИ ЮТУҚЛАР: ФОЙДАЛИ ЧИВИНЛАР ВА ТАШХИС ҚЎЯДИГАН СМАРТФОНЛАР
Саломатлик
17.01.2012 г.
Image

Американинг Кливленд клиникаси мутахассислари жорий йилда тиббиётда эришиладиган ютуқлар борасидаги тахминларини эълон қилишди.
Фойдали чивинлар. Америкалик тадқиқотчилар фикрича, турли хавфли касалликлар ташувчиси бўлган чивинлар инсониятнинг энг ашаддий душманидир. Бироқ охирги йилларда олимлар генетик ўзгартирилган чивин яратиш устида иш олиб боришмоқда. Бундай чивиндан соғлом насллар дунёга келади. Эҳтимол, биологлар бундай чивинларни инсон саломатлигига фойдали қилишга муваффақ бўлишар.
Шифокор-смартфонлар. Ниҳоят, 2012 йилда смартфонлар алоқа ва кўнгил очиш воситасидан инсон соғлиги учун фойдали тиббий қурилмага айланади. Смартфонлар эгасининг касалликларини аниқлайдиган, қон босими, томир уриши ва қондаги қанд миқдорини ўлчайдиган бўлади. Бу аввало махсус илова дастурлар ёрдамида амалга оширилади. Қолаверса, смартфонларнинг ўзи ҳам ўзгаради. Жумладан, уларга махсус тонометрлар уланади, экрани эса сўлакни текшириб ташхис қўядиган бўлади.
Генетик тадқиқотларнинг янги босқичи. Одам геномини ўрганиш учун олимлар 13 йил ва 2,7 миллиард доллар сарфлашди. Энди эса принтер ўлчамидаги ва 50 минг доллар турадиган қурилма икки соат ичида 10 миллионга генетик код «ҳарфлари»ни ўқий олади. Айтиш керакки, одам ДНКсини ўрганиш туфайли олимлар кўпгина жиддий касалликларнинг ривожланиш сабабларини аниқлай олишди. 2012 йилда генетик кодни ўқийдиган янги қурилмалар пайдо бўлади, фақат улар бу ишни атиги 15 дақиқада уддалайди, нархи эса 1000 доллар бўлади, холос.  

 
МУҲАММАД АЛИ 70 ЁШГА ТЎЛДИ
Спорт
17.01.2012 г.
Image Untitled Document

Бугун дунёдаги энг машҳур боксчилардан бири Муҳаммад Али таваллуд кунини иншонлаяпти.
Али 1964-1966, 1974-1978 йилларда оғир вазнда мутлақ жаҳон чемпиони;  1974-1978 йилларда WBC (Жаҳон бокс кенгаши) версияси бўйича; 1967, 1974-1978, 1978 йилларда эса WBA (Жаҳон бокс ташкилоти) версияси бўйича оғир вазнда жаҳон чемпиони бўлган.
Асли исми Кассиус Марцеллус Клей бўлган спортчи 1942 йилда Кентукки штатининг Луисвилль шаҳрида туғилган. У бокс билан велосипедини ўғирлатиб қўйгандан кейин шуғуллана бошлаган. Ўшанда у полиция идорасига келиб, ўғрини топиб беришларини ва унинг таъзири бериш ниятида эканлигини айтади. Бир пайтнинг ўзида маҳаллий бокс клубида мураббий бўлиб ҳам ишлайдиган полициячи эса шундай дейди: «Бирортанинг таъзирини беришдан олдин буни ўрганиш керак». Эртасигаёқ Клей бокс машғулотларига келади.
Мактабда ўқиб юрган пайтларида бўлғуси чемпион фақат икки марта муштлашган, холос. Биринчиси сафар у дўстлари билан клубда ўтирганида, икки йигит келиб тихирлик қилади. Улардан бирини Клей бир зарбдаёқ нокаут қилади, иккинчиси эса ўша заҳоти жуфтакни ростлаб қолади.
Иккинчиси у Олимпиадага тайёрланаётган маҳал рўй беради. Эрталаблари югурганида эркаклар кўп йиғиладиган бар ёнидан ўтарди. Бир одамга Клейнинг «Мен чемпион бўламан» деган гапни такрорлаб югуриши ёқмайди. У пайт пойлаб Клейнинг юзига мушт туширади. Боксчи ўзини йўқотиб қўймайди ва рақибига кетма-кет зарбалар ёғдиради. Эртасига ўша одам уни «Салом, чемпион!» деб қаршилайди.
Кассиус Клей илк олтин медалини 1960 йилда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида қўлга киритади. Ўшанда у 18 ёшда эди. Ўша йилнинг кузида у ўзини профессионал рингда синаб кўради.
1975 йилда Ислом динини қабул қилган боксчи исмини Муҳаммад Алига ўзгартиради. У профессионал рингда Ламар Кларк, Сони Листон, Жо Фрейзер, Жорж Форман, Кен Нортонларнинг устидан ғалаба қозонган. У тезкор суръати, импровизацияси ва айни пайтда чуқур ўйлаган ҳолда ҳаракат қилиши билан ажралиб турарди. У боксга омманинг қизиқишини жалб эта оларди.
Муҳаммад Али боксни 1981 йилда тарк этган.

 
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

Натижалар 81 - 96 1217