7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Шоира Рауфбоева: “МЕН ҚУЛАЙ ВАЗИЯТДАН ФОЙДАЛАНАДИГАНЛАР ТОИФАСИГА КИРМАЙМАН!”
Интервью
20.01.2012 г.
Image

Бу ижодкорни сиз яхши танийсиз. “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Кинотеатр” кўрсатуви орқали бугунги кино олами жараёнларини ўзига хос тарзда ёритиб бораётган Шоира Рауфбоева айни пайтда “Ўзбекистон” телеканалида сериаллар суратга олишда ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшяпти. Бу йил Рауфбоеванинг телевидениеда фаолият юритаётганига 20 йил тўлибди. Шунча йил телевидение нонини ейиш қийин кечмадими? Телевидениега уни нималар боғлаб туради? Бугун ана шулар хусусида…

МАЪЛУМОТ
1967 йилда 5 октябр куни Навоий вилояти Кармана туманида туғилган. 1984 йилда 15 мактабни тамомлаган. 2 июл куни Тошкентга келган ва шу пайтдан бошлаб пойтахт аъзоси ҳисобланади. 1989 йилда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. 1991 йилда “Ўзтелерадиокомпания”нинг кино муҳарриятига ишга келган ва ҳозиргача шу ерда фаолият юритади. Оилали. Тўрт нафар фарзанди бор.

Ижодий фаолиятига оид
20 йилдан бери битта жойда ишлайвериб зерикиб кетмадингизми?
– Йўқ. Ишимиз зерикарли эмас. Касбимизни тушунмаган баъзи танишларим ҳатто “Ялло қилиб, премьерама-премьера, кинотеатрма-кинотеатр юрасиз”, дейишади. Лекин агар жиддий жавоб берадиган бўлсам, редакцияма-редакция, каналма-канал кўчиб юриш менинг феъл-атворимга тўғри келмайди. Каналлар ўзгараётганда, бошқа редакциялардан таклифлар бўлган. Нимагадир жазм қилмаганман. Лекин бир марта 3 киши кетиб кўрганмиз. Отабек Мусаев, Адҳам Усмонов ва мен. Ўшанда Ўзбекистонда биринчи бўлиб хусусий телеканал очган эдик, “Ҳилол-ТВ” деган. У ерда “Тилсим” номли “Поле чудес”га ўхшатма бир шоу-кўрсатув ҳам тайёрлаганмиз. У даврларда бирорта хусусий канал йўқ эди, биз биринчи бўлганмиз. Баъзи сабабларга кўра, бирин-кетин тарқалишдик.
Нега айнан кинога боғландингиз?
– Агар уйимдагилар рухсат беришганида мен ҳам катта артист бўлармидим бугунга келиб… Лекин бу ҳақда ҳатто сўрашга ботинолмаганман. Тошкентга юборишганининг ўзиям катта гап эди. У орзуим фақат ичимда қолиб кетаверган. Мана, бугун биринчи марта тилимга чиқаряпман. Лекин мактабда тадбирлар ташкил қилардим. Ҳеч ким ўйнай олмаган ролларни ўзим ўйнардим. Бир гал кампир бўлиб саҳнага чиқсам, синф раҳбаримиз танимаган экан. Кейин журналист бўлишга қарор қилдим. Факультетимизда иккинчи курсдан бошлаб мутахассисликларга бўлинарди. Ўшанда мен телевидение ва радио бўлимини танлаганман. Ҳамидулла Акбаров домланинг дарсларини севардим. Кинога муҳаббатим шу киши туфайли юзага келган.
Хўп, буни тушундик. Аммо шунча йиллар фақат орқа планда ишлаб келганингизни тушуниш қийинроқ... Ҳозиргилар экранда кўринай деб телевидениега боришяпти.
– Ҳа, ҳар қандай қулай вазиятдан фойдаланадиганлар ҳам бор. Мен уларнинг тоифасига кирмайман. Лекин сиз бироз хато фикрлаяпсиз. Мен ҳар бир очган янги кўрсатувимни аввал ўзим олиб борганман. Лекин телевидениеда кўринай деб эмас, ишлай, ўз ўрнимни топай, деб келганман. Иш фаолиятимни ҳам “Кино” редакциянинг энг қуйи вазифасидан бошлаганман. Илгари шундай редакция бор эди. Унда учта: “Кўрсатувлар”, “Дубляж” ҳамда “Режалаштириш” бўлимлари фаолият кўрсатарди. Мен “Режалаштириш” бўлимида фильмларни захирага тайёрлардим. Бошлиғимиз кимни жазоламокчи бўлса, ўшани менинг ўрнимга ўтказарди. Афв этилса, мен яна ўз ўрнимга қайтардим. Лекин шу билан бирга нариги бўлимдаги жуда машҳур кўрсатув – “Оламга саёҳат”ни тайёрлашда иштирок этардим. “Кўрсатувлар” бўлимига ўтиш учун кўп меҳнат қилдим. У пайтлари кела солиб, экранга чиқиб кетилавермасди. Шундан кейин “Кино, кино, кино”, “Кинонинг минг бир олами”, “Қиёфа”, “КиноТеатр” кўрсатувларига муаллифлик ва бошловчилик қилдим.
Кўрсатувларингизни тез-тез ўзгартиришингизга сабаб нима?
– Баъзан мавзулар эскиради, кўрсатувлар ўз умрини яшаб бўлади. Баъзилари бир йилда, баъзилари уч йилда... Фарзандларим мана шу кўрсатувларим орасида дунёга келишган.
Томошабин назарида бугунга келиб кўрсатувлар анча саёзлашган…
– Телевидение – ҳаётимиз юзига тутилган ойна. Аксимиздан кўнглимиз тўлмаса, ойнадан хафа бўлишнинг ҳожати йўқ. Шахсан ўзимга қанча талабалар иш ўргатинг, биз ҳам суратга олишга чиқайлик, кўрсатув тайёрлайлик, деб келишади. Очиғи, икки қатор ёзганидан ҳам кўнглим тўлмаганларининг саноғи йўқ. Аввало, ўз соҳасини севиш керак. Шунинг учун мен 25 дақиқалик эфирни вақтнинг ўтиши учун эмас, балки кўнгил тўлиши учун тайёрлайман.
Телевидениеда бир-бирини менсимаслик кучли дейишади. Сиз томонга ҳам “тош отилиб” турадими?
– Сезмаган эканман. Мен ҳозир шундай катта-катта режалар қилганманки, бундай майда-чуйдаларга эътибор беришга вақтим йўқ. Майда одамлар майда гапларга ўралашиб юришади, менимча. Бўш вақтлари кўп-да. Лекин телевидениеда яхши одамларни кўп кўрдим. Сиз айтаётганлар бизда жуда камчилик.
Бошқа кино кўрсатувлари ҳақидаги фикрларингизни сўрамай қўя қолай…
– Нега энди, сўранг! Бундай кўрсатувлар биздан олдин ҳам бўлган, биздан кейин ҳам бўлади. Мен бошқа кино кўрсатувларини ўз кўрсатувимга рақобатчи деб эмас, шу соҳада хизмат қилаётган бизникига ўхшаган яна бир кўрсатув деб биламан. Очиғи, менга “Киномания” г, умуман, “Ёшлар” телеканалининг кинокўрсатувларга, фильмларга бўлган муносабати ёқади.
Шахсий ҳаётига оид
Кун тартибингиз қандай? Ҳар доим чоп-чоп қилиб юрасиз?
– Яхши яшаш учун кўп ишлаш керак. Ҳаёт мени шу тартибга ўргатди. Кун тартибим жуда тиғиз. Соат олтида турганимча нечада бошим ёстиққа тегишини Худо билади. Иш, қизиқишлар, тўрт фарзанд, оила ва турмуш ўртоғим… Ҳаммасига улгуришим керак. Лекин менга ана шундай ҳаёт ёқади.
Турмуш ўртоғингиз туризм соҳаси вакили экан, кўп саёҳат қилсангиз керак?
– Ҳа, шукрки дунёнинг ярмини кўрдим. Гоҳ турмуш ўртоғим сабаб, гоҳида ўзим грант ютиб дегандек... Айрим юртларга телевидение вакили сифатида эмас, “Ясмина АРК” студиясининг директори сифатида борганман.
Сиз гапиряпсиз-у, мен ҳаётда қийинчиликсиз ҳам шунча нарсага эришиб бўлар экан, деб ўйлаяпман...
(кулиб) – Шунақа деб ўйлайсизми? Бу ҳаётда қийналмаган одам бормикан, кўрсатинг-чи менга. Турмуш ўртоғим билан биз ҳам ана шу тақдирни четлаб ёки сакраб ўтганимиз йўқ, биргалашиб яшаб ўтдик. Биргина мисол, телевидениега ишга келганимда, катта ўғлим уч ярим ёшларда эди. Боғчага борарди. Редакциямиздаги бошқа аёллар соат 5 даёқ уйларига кетишарди, мен ёш ходим сифатида 6 гача ўтиришим шарт бўлган. Ишдан кейин чиқиб, 4-троллейбусга ўтирардим. Троллейбус ўлгур ҳам ўғлим борадиган боғчагача нақд 45 дақиқа юрарди. Шу транспортнинг «шохи» чиқиб кетадиган касали бор, биласиз. Ток ўчиб қолиши мумкин. Шундай пайтларда ҳам мен ўтиришга мажбур эдим. Тушиб, бошқа транспортда кетишга ортиқча беш тийиним бўлмас эди-да. Ўғлимнинг “Ойижон ойдинда келинг, ойдинда”, деб ялинишларини ҳалигача унутганим йўқ. Ойдин дегани, эртароқ келинг, дегани эди. Шукр, шундай кунлар ҳам ортда қолди. Гарчи у кунлар ортда қолган бўлса-да, ўша кунлардан хотира сифатида шу тўртликни тез-тез эслаб тураман.
Унутар экансан аламларингни,
Унутар экансан кўз ёшларингни,
Лекин унутишинг қийин бўларкан,
Унутишга кетган бардошларингни.
Оппоққина “Ласетти” миниб юрибсиз. Ҳар холда бу телевидениедаги ишнинг ортидан келмагандир?
– Нега энди бундай деб ўйлаяпсиз? Тўғри, асосий қисмини турмуш ўртоғим тўлаганлар, лекин кредитнинг охирини қизим туғилишидан олдин бериладиган пул билан узганман.
Хусусий студия очволибсиз…
– Кичикроқ дўконим бор эди. Шуни ишини эплолмаганимиз сабаб, ёпиб, студия очдим. Негаки, ҳар ким ўз билганини қилсин экан. Ҳозирда студиямизнинг ҳам ишлари анчагина жадаллашиб қолди.
Демак, фарзандларингиз учун иш ҳам тайёр экан-да?
– Йўқ, мен уларни бошқа соҳаларда ишлашларини хоҳлайман. Катта ўғлим олтита тилни билади. Хорижда ўқиди. Яқинда уни уйлантирдик. Энди ўз аравасини ўзи тортади. Таржимонлик борасида у яхшигина тажрибага эга. Иккинчи ўғлим тиш шифокори бўлмоқчи. Учинчи ўғлим “Пахтакор” футбол клубига қатнайди. Қизалоғим эса сал катта бўлса, қайси соҳани танлашини ўзи айтади (жилмаяди).
Бахтиёр Расулов суҳбатлашди.

 
АҚШ: АҲОЛИНИНГ 35 ФОИЗИ СЕМИЗЛИККА ЧАЛИНГАН
Саломатлик
19.01.2012 г.
Image

АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат аҳолисининг 35,7 фоизи семизликка чалинган. Ўсмирлар орасида бу борадаги кўрсаткич 17 фоизни ташкил этади.
Ҳисоб-китобларга қараганда, АҚШда 20 ёшдан ошган 78 миллион нафар семиз бор. Шунинг 40,6 миллиони эркак, 37,5 миллиони эса аёллардир. Ўсмирлар орасида бу нисбат тескари: қизларнинг 5,5 миллиони, йигитларнинг эса 7 миллион ортиқча вазндан қийналади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган асрнинг охирги ўн йиллиги билан солиштирилганда, охирги пайтда семизлик эпидемияси бирмунча сустлашган.
Тиббиёт ходимлари семизликнинг турли хасталиклар, жумладан, гипертония ва диабетга олиб келишидан огоҳлантиришмоқда.

 
ЁНҒИНЛАР КАМАЙДИ
Янгиликлар
19.01.2012 г.
Image

Газета.узнинг хабар беришича, 2011 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ёнғинлар сони аввалги йилдагига нисбатан 2,8 фоизга камайган.
Шунингдек, ёнғинлар оқибатида жисмоний жароҳат олганлар сони 13,1 фоизга, вафот этганлар сони эса 1,7 фоизга камайган.
Ўтган йили юртимизда жами 13 857 та ёнғин қайд этилди. Пойтахтимизда эса 1617 та ёнғин ҳолатлари кузатилган бўлиб, бу 2010 йилдагига нисбатан 8,2 фоизга камдир. 

 
«БРУКЛИНЛИК ҚАССОБ» 200 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ
Янгиликлар
19.01.2012 г.
Image

Кеча Нью-Йоркда асли украиналик бўлган Максим Гельман устидан суд ҳукм чиқарди. «Бруклинлик қассоб» лақабини олган 24 ёшли бу йигит қотиллик ва бошқа жиноятлари учун 200 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Гельман АҚШга болалигида келган, Бруклинда онаси ва ўгай отаси билан яшаган. 2011 йилнинг 11 февралида оилавий жанжал натижасида у ўгай отаси Александр Кузнецовни пичоқолаб ўлдиради ва машинага ўтириб, 20 ёшли таниши Елена Бульченконинг олдига боради. Қизни уйидан тополмагач, унинг онасини ҳам пичоқлаб ўлдиради. Елена уйга келгач, Гельман унга 11 марта пичоқ санчади ва бунинг оқибатида қиз вафот этади. 
Шундан кейин у катта тезликда машинани ҳайдаб кетади. Йўлда бир машинани қувиб ўтмоқчи бўлиб, унинг ҳайдовчиси билан жанжаллашиб қолади. Унга ҳам пичоқ санчади, яхшики, ҳайдовчи омон қолади.  
Гельман ярадор ҳайдовчининг машинасига ўтириб, бир пиёдани уриб кетади, икки ҳайдовчига ҳужум қилиб, уларни яралайди.
Эртаси куни у Манхэттенда пайдо бўлиб, метрода икки йўловчига ҳужум қилади ва уларни ҳам пичоқ билан яралайди. Ўша ерда қўлга олинади.
Метродаги ҳужумлар бошқа туманда содир этилгани учун бунга алоҳида иш очилган. Бу ҳужумлар учун Гельман алоҳида суд қилинади.

 
ПОКИСТОН БОШ ВАЗИРИ УСТИДАН СУД ҚОЛДИРИЛДИ
Янгиликлар
19.01.2012 г.
Image Untitled Document

Покистон бош вазири Юсуф Ризо Гилоний устидан суд мажлиси 3 февралга қолдирилди.
Бугун Покистон Олий судида Гилонийнинг мазкур суд қарорига ҳурматсизлик кўрсатгани юзасидан иш кўриб чиқилиши керак эди. Гап шундаки, суд қарорига кўра, Гилоний бошчилигида ҳукумат Швейцариядан Покистон президенти Осиф Али Зардорийнинг коррупцияга алоқадорлигига оид тергов ишларини қайта бошлашни талаб қилиши лозим эди. Бироқ ҳукумат буни рад этган.
Юсф Ризо Гилоний чақирувга биноан бугун судга келди. У суд қарорларини ҳурмат қилишини ва Зардорий давлат раҳбари сифатида дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги сабабли унга қарши иш қўзғатиб бўлмаслигини айтди.
Швейцария ҳукумати Зардорий ва унинг марҳум рафиқаси, Покистоннинг собиқ бош вазири Беназир Бхуттони 1990-йилларда 12 миллион долларни ўзлаштирганда гумон қилганди. 2008 йилда эса Зардорий президент этиб сайлангач, тергов ҳаракатлари тўхтатилган. 
16 январда Покистон парламенти бош вазирга ишончсизлик билдиришни рад қилди. Бу масала ҳукумат ва армия ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир паллада кўтарилди. Ўтган ҳафта Гилоний мудофаа вазирини ишдан олди, Олий суд эса ҳукуматни Покистонда армия таъсирини камайтириш мақсадида америкалик ҳарбийлар билан тил бириктирганликда гумон қиляпти. 

 
БАҒРИНГГА БОС МЕНИ…
Мутолаа
19.01.2012 г.
Image

Хона у қадар совуқ бўлишига қарамай, эти жунжикаверди. Кафтларини бир-бирига ишқади, “куҳ-куҳ”лаб қўлларини иситгандек бўлди. Йўқ, назарида вужуди эмас, юраги… юраги музлаб кетаётгандек эди. Бу нимаси? Бунча титраб-қақшамаса? Ҳали қиш келгани йўқ-ку, куз ҳам шунчалик совуқ бўладими?
Эринибгина қаҳва дамлади. Ичига иссиқ югурди, титроғи босилди. Дераза олдига келди, ташқарига ҳиссизгина тикилди. Сап-сариқ япроқлар ёмғири остида мусичалардек бир-бирининг пинжига кириб, жилмайганча нималарнидир гаплашаётган қўшнилари – янги келин-куёвга кўзи тушиб, кулиб қўйди. Йигит келинчакнинг пешанасига тушган сочларини бармоқлари билан суриб қўяр, келинчак йигитнинг сочига қўнган хазон парчасини кўрсатиб қиқир-қиқир куларди.
Ҳаваси келдими? Билмади.
Бунча совуқ бўлмаса-я?
* * *
У жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш, бошқалар ҳавас қилгулик лавлозимда ишлаш, жамики аёлларга орзу, армон бўлган карьерага эришиш учун дунёга келгандек эди. У ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун танҳо яшашга-да рози эди. Аёлнинг бахти оиласида, муҳаббатда, фарзандлари камолида деган насиҳату маслаҳатларни айтилган еригаёқ ёпиштириб қўяр, буларнинг бари иккинчи даражали, керакмас тушунчалар эканлигига атрофидагиларни ишонтирмагунча қўймасди. Совчиларни эшикдан йўлатмаёқ қувиб солди. «Лапашанг ўғилларинг ўзингга сийлов!» – деди.
Юрак ютиб айтилган ишқ изҳорларини қаҳ-қаҳ уриб қарши олди. «Эртагингни бошқаларга айт», – деди.
Ота-она қулоғига гап кирмайдиган қизни ахийри ўз ҳолига қўйди. Сингиллари бирин-кетин ёр-ёр бўлиб кетишди.
Шуниси маъқул. «Битта оиладан битта ишбилармон чиқади ўзи», – деди. Бу гап энди мақсаддан ҳам кўра ўз-ўзини овутишга ўхшаб кетди…
* * *
Гап-сўзлар, қариндошларнинг ақлли гаплари жонига тегди. «Алоҳида яшайман, ўзимни ўзим эплай оламан!» – деди. Онаси қайсар қизининг янги қарорига ҳам елка қисиб қўя қолди.
Тиришқоқлиги мақсадларига етишида қўл келди. Оддий ходимликдан бўлим бошлиғи вазифасига ўтди. Унга ҳамма ҳавас қилаётгандек, қизларига намуна қилиб кўрсатаётгандек эди. Икки-учтадан болали бўлиб, уйда ўтириб қолган дугоналарига раҳми келди. «Эҳ, бечоралар», – деб қўйди…
* * *
Дераза ёнидан узоқлашди. Ўзини биринчи марта ёлғиз ҳис этди… Бўғзига қайдандир тошиб келган хўрсиниқни тишини-тишига босиб ичига ютди. Кўзгуга қаради. Кўзлари остига тушган билинар-билинмас ажинларни энди кўриб тургандек ҳайрон тикилиб қолди. «Менга нима бўляпти?»
Истар-истамас кийинди, соатга қарадию шоша-пиша йўлга тушди. Ишга кечикиш одати йўқ унинг!
Идорага кираётиб яқиндагина турмушга чиққан котибасига кўзи тушди. Ёнидаги куёвбола шекилли, юзларидан тезгина ўпиб олди-да, хайрлашди. Келинчак уни кўриб, дув қизариб кетди. Шошиб саломлашиб, «Куёвингиз шунақа-да, узр,» – деб қўйди.
Столи устидаги бир олам қоғоз, бир дунё ишга қараб кўнгли увишди. Биринчи марта, биринчи марта ишдан ҳафсаласи пир бўлгандек сезди ўзини…
Телефони жиринглади. Онаси.
– Қизим, жон болам, кечаги совчилар яна келишибди, бир учрашиб кўргин-а, онаси бир яхши экан…
– Ўзингиз биласиз, ойи…
Ҳар доимгидек “Жавобини беринг! Керакмас!” деган зардали жавобни кутган она қизининг кутилмаган мойиллигидан шошиб қолди, отасидан хушхабар олишга шошилди.
Ажаб… биринчи марта юраги бошқача… аллақандай ҳаяжондан титраб кетди. Ким экан-а У?..
* * *
– Ростини айтсам, сизни учратмагунга қадар уйланишни хаёлимга ҳам келтирмас эдим, бутун ҳаётимни касбимга, илмга бағишлашни орзу қилардим, лекин…
– Хўш, лекин? – қиз хушчақчақ товушда унаштирилганига бир ҳафта бўлган, бўлажак турмуш ўртоғи – хушбичимгина йигитнинг кўзларига тикилди. – Нима бўлди кейин?
Йигит бир зум қаршисидаги гўзалга қараб турди-да, шарт қўлидан тортиб бағрига босди. Юраклар иссиқ, ўтли ҳароратдан дукурлаб уриб кетди…
Қизнинг уятдан юзлари оловланиб кетди. Боягина совқотиб, музлаб қолаёзган вужудига ўт югургандек бўлди, лаблари беихтиёр пичирлади:
– Куз ҳам шундай иссиқ бўладими?..
Лобар Азиз

 
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

Натижалар 71 - 86 1217