|
Мода олами
|
|
25.01.2012 г. |
 Кўпчилик аёллар доимо чиройли бўлиш ва бежирим кийиниб юриш учун ҳар хил қўшимча нарсалар, айниқса, кўп пул бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Бу фикрни нотўғри дея олмасак-да, ҳар ҳолда, унчалик ҳам тўғри эмас. Чунки кийимнинг инсонни янада гўзаллаштириш, хушрўйлаштириш ёки айрим нуқсонларни ёпиб, мавжуд фазилатларни бўрттириш вазифаси ҳар доим ҳам унинг арзон-қимматлигига боғлиқ бўлавермайди. Атрофимиздагилар ҳам янги кийим кийишганда, агар у жуда ҳам ярашган бўлса, ўз-ўзидан кишининг (айниқса, аёлларнинг) ҳаваси келади ва (эътибор беринг!) “Вуй, ярашганини... (биринчи ўринда)! Қанчага, қаердан олдинг?” (кейинги навбатда) деб сўрашади. Агар аввал сиз олган кийимнинг нархини сўраб, кейин “ярашибди”, дейишса, катта эҳтимол билан сизга унчалик ҳам “ўтирмаган” нарсани қимматга олганингиз учун кўнглингизни оғритмай деб, (ўзбекчилик!) “таскин” бераётган бўлишлари мумкин. Демак, кийимнинг инсонни гўзаллаштира олиши кўп ҳолларда унинг нархига боғлиқ эмас, деса ҳам бўлаверади.
Ҳамма аёллар ҳам қиш келиши олдидан кийим-кечакларини янгилагиси ва кўпайтиргиси келиб қолади. Бу масалани баъзи аёллар осонгина ҳал қила оладилар, баъзилари эса ўзларига ярашадиган кейим-кечак танлай олмай қийналадилар. Қиш учун қандай уст-бош танлашингиздан қатъи назар, бир нарсани доимо ёдда тутишингизни маслаҳат берган бўлардик. Яъни совуқ ҳавода кийиш учун мўлжалланган кийим-бош энг асосийси танадаги иссиқликни сақлаб тура олиши, оддий қилиб айтганда, танлаган уст-бошингизда совқотмаслигингиз керак. Қиш фаслида кийиладиган кўйлак ёки костюмлар фақатгина қора рангда бўлиши керак, деган нотўғри гапни кўп эшитамиз. Очиқ рангли, чиройли газламадан бошқа фасллардагидек қиш фаслида ҳам турли кийим-бош тиктирса бўлади. Бу ерда ҳам унутмаслик керак бўлган нарса шуки, сиз танлаган мато қалин, иссиқликни ўзида кўп муддат сақлаб тура оладиган ва турли-туман гулдор бўлмаслиги керак.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аёл кишининг чиройли ва бежирим кўриниши учун эгнингиздаги либос, оёқ кийими, сумка ва соч турмаги бир-бирига мос равишда алоҳида композицияни ташкил этиши лозим.
Қишда пальтонинг тагидан кийишга мўлжалланган кўйлак оддий бичимда тикилган, жимжималар ва турли “ялтир-юлтурларсиз” бўлгани маъқул. Шу билан бирга, танлаган кийимингиз энг сўнгги урфга мос бўлишига ҳам эътибор қаратинг. Кўп кийиладиган кўйлакка эса ортиқча безаклар тақмаган маъқул. Акс ҳолда, кўйлак эгасига ҳам, атрофдагиларга ҳам тез орада ёқмай қолади.
Шундай қилиб, аёл кишининг қиш фасли учун калтароқ қилиб тикилган уйда кийишга мўлжалланган халати, жун газламадан тикилган кўйлаги, кўйлак-костюми ва 2-3 та иссиқ кофта-юбкасининг бўлиши кифоя.
Булардан ташқари қишда тантанали байрамлар, юбилей маросимларга байрам либослари кийилади. Улар мўйна, қимматбаҳо тошлар қадалган ялтироқ ипак матолардан, мовут, духобалардан тикилган бўлиши керак. Бу байрам либослари одатда узун бўлиши ва бу кийимни узун пошнали оёқ кийим билан кийган маъқулроқдир.
Ўрни келганда қишги оёқ кийимлари ҳақида ҳам икки оғиз сўз.
Ҳар бир аёл қиш фасли учун танлаётган оёқ кийимига алоҳида аҳамият бериши лозим. Ахир аксарият касалликлар оёқдан совуқ ўтиб, шамоллаш натижасида пайдо бўлади. Совуқ об-ҳавода кийиш учун оёқ кийим олаётганда, асосан, бўйи узун, пошнаси бироз пастроқ, ичи мўйналисидан олган маъқул. Бўйи узун оёқ кийим иложи борича оёқнинг кўпроқ қисмини исссиқ сақлаш учун керак бўлса, пошнаси пастроқ оёқ кийимда аёл ўзини қулай ва бехавотир (айниқса, қиш фаслида) сезиши учундир. Ичи мўйнали оёқ кийимлар тананинг оёқ қисмидаги ҳароратнинг кўпроқ муддат сақланиб туришига замин яратади.
Ҳурматли аёллар, опа-сингиллар! Шуни унутмайликки, эркаклар учун гўзал кўринишимиз қанчалик муҳим бўлса, ишонаверингки, соғлом юришимиз ҳам ундан икки баравар муҳимроқ. Шунинг учун ҳам қиш фасли учун танланаётган уст-бошимиз гўзал, ва энг асосийси, “соғлик учун фойдали” бўлиши лозимлигини доимо ёдда тутайлик.
|
|
Мутолаа
|
|
25.01.2012 г. |
 «Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Кўпларимиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз.
Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кунда совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз. Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилиш соҳасида-ку ҳар қандай миллатни ортда қолдирамиз.
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидек, исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан пул сочиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.
Пойтахт тўйхоналаридан бирида ўтказилган «марҳумни хотирлаш» маросими дастурхонига тортилган неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, қимматбаҳолигидан ҳамма ҳайратда қолди. Ҳатто меҳмонлардан бири таажжубини яшира олмай: «Пул топибди-ю, аммо сал ҳаддидан ошибди-да», – деди. Шунда маросимга келган отахонлардан бири мезбоннинг бу такаллуфини оқламоқчи бўлгандай: «Ҳа, энди Аллоҳ давлат берибди, шунақа савобли ишларга сарф қилади-да, агар уни ичкиликка, хотинбозликка ёки қиморга сочиб юборганида нима дея олардик?» – деб тасалли берди. Тўғри, унга мўл-кўл давлат берилган бўлса, инсончилик туфайли буни элга билдиргиси келади, катта сарфлар билан ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи бўлади.
Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса, буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!
Газетларда пўртахол ёки банан ҳосили кутилганидан ортиб кетса, унинг баҳоси тушиб, фойда камайиб кетишидан қўрққан сармоядорларнинг тонна-тонна неъматларни муҳтожларга тарқатмай уммонларга ағдаришгани ҳақида кўп марта ёзишган. Яна шуниси ажабланарлики, улар меваларни одамлар сувдан чиқариб олмасин, деган хавфда соҳилларга ҳеч кимни яқинлаштирмайдиган соқчиларни ҳам тайинлашади.
Наманганнинг янги шаҳар қисмида яшовчи бир аёлнинг ҳикоясига қулоқ солинг: «Эрим вафот этиб, учта болам билан икки хонали «дом»да нафақасиз қолдик. Тўғри, очимиздан ўлаётганимиз йўқ, Аллоҳ тирик бандасининг ризқини бериб тураркан. Лекин ҳозир осмондан чалпак ёғилармикан, деб кутиб ўтирадиган пайт эмас. Қолаверса, «сендан ҳаракат, Худодан баракат», деган гап ҳам бор. Ишлай десам, иш тополмадим. Ўйлай-ўйлай, бир қўшнимнинг маслаҳати билан ёндаги хонадонда турадиган бойвачча йигитнинг уйини тозалаб туришга ёлландим. У туманлардан бирида яшайди, дам олиш кунлари улфатлари билан базм қилиш учун шу хонадонни сотиб олган. Шартлашганимизга кўра, уларнинг «базми» тугаб, туманига кетганидан кейин хонадонни йиғиштириб-тозалайман. Лекин ҳар гал тозалагани у ерга кириб, хўрлигимдан йиғи келади. Еб-ичилганидан ортган қанча-қанча қимматбаҳо пишлоқ, қўлбости (колбаса), қази, шоколад каби неъматлар, мева-чевалар шундоғича яроқсиз ҳолда қолаверади. Чунки эгаси рухсат бермагани учун мен болаларимга едиришдан тийиламан, сўрагани бетим чидамайди. Ўчириб кетилган музхонадаги ортиб қолган анчагина гўшт-ёғ, тансиқ таомлар ҳам айниб бўлган, фақат чиқариб ташлаш керак, холос. Ахир кетаётганида мени чақириб, «Манавиларни саранжомлаб олинг», – деса асакаси кетармикин? Ўзим айтай, десам, отасиинг амалига, қўлидаги давлатига қўнқайган қўрс йигитнинг жаҳлини чиқаришдан қўрқаман. Хуллас, «кимдир унга зор, кимдир қилар хор», деганларидай, исрофнинг касри бир куни унга уриб хароб қилмасайди, деб қўрқаман».
Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағалга айланади.
Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: «Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади». Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туйилмайдими?
Баҳодир Муҳаммадиев
|
|
Савол сиздан
|
|
25.01.2012 г. |
Untitled Document
«Жияним қўшни давлатдаги университетнинг охирги курсини тамомлай олмай қайтиб келди. Бу ерда шу мутахассислик бўйича ўқишини давом эттириши учун нима қилиши керак?»
К. Шокирова, Андижон вилояти
– “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида НИЗОМ” умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим ҳужжатларига тегишлидир. Унда қуйидагилар кўрсатиб ўтилган:
- Хорижий давлатларда ўрта махсус ва олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази таркибидаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси томонидан амалга оширилади .
- Хорижий давлатларнинг умумий ўрта таълим ва унинг қуйи босқичлари ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари томонидан ташкил этиладиган комиссиялар томонидан ариза ва маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, унинг нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси асосида мурожаат қилинган кундан бошлаб энг кўпи билан икки ҳафта муддатда амалга оширилади.
- Хорижий давлатларда ўрта махсус ва олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва уларнинг эквивалентлигини қайд этиш ҳақидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
- маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси (ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);
- маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси.
Бошқарма таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган ўқув юртининг ўша давлатда тегишли рўйхатда (легализация рўйхатида) борлигини текшириб, ҳужжатнинг иловасида кўрсатилган фанлар ва махсус курслар Ўзбекистон Республикасида ушбу ёки унга турдош йўналишдаги мутахассисликлар бўйича тасдиқланган ўқув дастурига мос келиш-келмаслигини (асосан мутахассислик фанлари бўйича) аниқлайди ва энг кўпи билан бир ой муддатда тегишли қарорини чиқаради. Бошқарма лозим бўлган ҳолларда тегишли ўқув юрти, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни сўраб олиши мумкин.
Ариза берувчи, шунингдек, ўз тайёргарлиги ҳақида бошқа ҳужжатларни, жумладан, таълим олишнинг кейинги даражалари, касбий фаолият билан шуғулланиш мумкинлиги, амалий тажриба ҳақида ҳужжатларни ҳам тақдим этишга ҳақлидир. Тан олиш ва эквивалентлигини қайд қилиш учун зарур бўлган материаллар Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржималари билан тақдим этилади.
Тугалланмаган маълумот тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома унинг эгасига Ўзбекистон Республикасининг тегишли даражадаги таълим дастурларини амалга оширувчи таълим муассасасига имтиҳонлар, якуний баҳолар ва синовларни ҳисобга олган ҳолда ўқишни давом эттириш ҳуқуқини беради. Бунда хорижий давлатлар томонидан берилган тугалланмаган таълим тўғрисидаги ҳужжат академик маълумотнома сифатида қабул қилинади.
Ариза берувчининг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.
Ўрта махсус ва олий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва эквивалентлигини қайд қилиш тўлов-шартнома асосида амалга оширилади. Тўлов миқдори амалдаги белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорида белгиланади.
Диплом ва эквивалентлигини қайд этиш тўғрисидаги гувоҳнома унинг эгасига Ўзбекистон Республикасидаги таълим муассасасида навбатдаги босқичда ўқишни давом эттириш ёки касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.
|
|
Саломатлик
|
|
24.01.2012 г. |
 Мисрлик олимлар саратонни олтин билан даволаш усулини кашф қилишди.
Илмий тадқиқотлар миллий маркази вакили доктор Мустафо ас-Сайиднинг айтишича, олтин нанозарралари ёрдамида хавфли ўсмалар тарқалишининг олдини олиш бўйича клиник тажрибалар муваффақиятли ўтган.
Доктор ас-Сайид олтин нанозарраларини лазер ёрдамида юбориш орқали саратон ҳужайраларининг ўсиши тўхтатилганини маълум қилди. Муолажа жараёнида фақатгина касалланган ҳужайраларга таъсир ўтказилган, соғлом ҳужайраларга ҳеч қандай зарар етмаган. Айни пайтда жониворларда клиник тадқиқотлар ўтказиляпти, агар усулнинг ножўя асоратлар қолдирмаслиги тасдиқланса, бемор одамларда ҳам синаб кўрилади.
Мустафо ас-Сайиднинг билдиришича, олтин нанозарраларидан фойдаланиш жигар, буйрак ва талоқ саратонида ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин.
Олтин нанозарраларининг физик ва кимёвий хусусиятлари олимларда катта қизиқиш уйғотган. Замонавий тиббиётда ундан бир қанча касалликлар диагностикаси ва муолажасида фойдаланилади.
|
|
Кино олами
|
|
24.01.2012 г. |
 Лос-Анжелесда Америка киноакадемияси мукофоти – «Оскар»га номзодлар эълон қилинди.
«Энг яхши фильм» номинациясида тўққизта картина тақдим этилган: «Жанговар тулпор» (реж. Стивен Спилберг), «Артист» (Мишель Хазанавичус), «Ҳаммасини ўзгартирган одам» (Беннетт Миллер), «Авлодлар» (Александр Пэйн), «Ҳаёт дарахти» (Терренс Малик), «Парижда ярим тун» (Вуди Аллен), «Оқсоч» (Тейт Тейлор), «Вақт қўриқчиси» (Мартин Скорсезе) ва «Жуда жарангдор ва ҳаддан ортиқ яқин» (Стивен Долдри).
Булар орасида Хазанавичус, Пэйн, Скорсезе, Аллен ва Малик режиссёрлик қилган фильмлар «Энг яхши режиссура» номинациясида ҳам кўрсатилган.
Энг яхши актёр номига Жорж Клуни («Авлодлар»), Брэд Питт («Ҳаммасини ўзгартирган одам»), Жан Дюжарден («Артист»), Гари Олдман («Бу ёққа чиқ, жосус!») ва Демиан Бишир («Энг яхши ҳаёт») даъвогарлик қилади. «Энг яхши актриса» номинациясида Гленн Клоуз («Сирли Альберт Ноббс»), Виола Дэвис («Оқсоч»), Руни Мара («Аждарҳо татуировкали қиз»), Мэрил Стрип («Темир хоним») ва Мишель Уильямс («Мэрилин билан 7 кун ва кеча) бор.
Шу йилнинг 26 феврал куни Америка киноакадемиясининг мукофотлари 84-марта ўз эгаларига топширилади.
|
|
Янгиликлар
|
|
24.01.2012 г. |
 Эрон унинг нефтига эмбарго қўйган Европа Иттифоқини психологик уруш қўзғаганликда айблаб, Форс кўрфази мамлакатларидан нефть олиб ўтиладиган Хурмуз бўғозини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилди.
«Европа Иттифоқининг Эрон нефтига нисбатан санкциялари – бу психологик уруш. Иқтисодий санкциялар мантиқсиз ва адолатсиздир, бироқ улар мамлакатимизга ўз ҳуқуқларидан фойдаланишига халақит қилмайди», – деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Рамин Меҳмонпараст.
Бундан ташқари, Эрон парламентининг ташқи ишлар масалалари ва миллий хавфсизлик бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Муҳаммад Косарийнинг таъкидлашича, агар Эрон нефтини етказиб бериш борасида узилишлар рўй берса, Хурмуз бўғози ёпилиши мумкин.
«Бўғоз ёпилганидан кейин Америка ўзига «саргузашт» қидирадиган бўлса, Эрон қисқа муддат ичида америкаликлар учун бу дунёни хавфсиз қилиб қўяди», – деди у. Эслатиб ўтамиз, яқинда АҚШ агар Хурмуз бўғози ёпиладиган бўлса, Эронга нисбатан қатъий чоралар қўллашини айтган эди.
Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар 1 июлга қадар Эрондан нефт сотиб олишлари мумкин. Аммо эронлик юқори мартабали мулозимлар ҳозирнинг ўзидаёқ Европага нефть етказиб беришни тўхтатиш кераклигини таъкидлашмоқда.
«Эмбарго бошланишини кутиб ўтирмасдан ҳозирнинг ўзидаёқ ҳаракат қилишимиз керак, токи Европа муқобил нефть экспортчиларини топишга улгурмасин», – деди Эроннинг собиқ разведка вазири Али Фаллахиан.
Reuters агентлигининг қайд этишича, ЕИ санкцияларидан Осиё мамлакатлари ютади. Масалан, Хитой АҚШнинг Эрондан нефть сотиб олишни қисқартириш талабидан норози ва нефть импортини кўпайтириш ниятида. Ҳиндистон эса санкциялар туфайли Эрон нефти нархи пасайишидан фойдаланиб қолишга тайёрлигини билдирди.
|
|