|
Шоу-бизнес
|
|
31.01.2012 г. |
Untitled Document
Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Хосият Ҳусанова ўтган йил сўнгида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланди. Йилни мана шундай қувонч билан якунлаган актрисамиз айни пайтда театрда янги спектаклдаги образи устида ҳам иш бошлади. Тасодифий учрашув орқали қилинган қизиқарли суҳбатни сизга тақдим этамиз...
БЛИЦ
– Унвонли бўлганингизни сизга айтган БИРИНЧИ инсон…
– Директоримиз котибаси Гулнорахон.
– Бу хушхабарни биринчи бўлиб сиз бўлишган ИККИ инсон…
1. Онам.
2. Турмуш ўртоғим.
– Ҳамиша сизни театрда қолишга ундайдиган УЧТА сабаб…
1. Касбимни севганим.
2. Актирса саҳнага чиқмаса, касал бўлиб қолиши.
3. Шу касбнинг эгаси бўлдим, энди ортга қайтиш йўқ, деган фикрга келганим.
– Уйингизда ҳеч қачон қўлингиздан тушмайдиган ТЎРТта нарса…
1. Телефоним.
2. Сумкам.
3. Машинамнинг калити.
4. Сценарий.
– Кўпчилик билмайдиган БЕШТА одатингиз ёки маълумот…
1. Сал нарсага йиғлаб юборишим мумкин.
2. Ўта кечиримлиман.
3. Кўнгилсизликларни кўтара олмайман. Бундан қаттиқ ранжишим мумкин.
4. Уйда жуда меҳнаткашман.
5. Иложини топсам, уйда картошка экиб, мол-ҳол қилардим.
БОЛАЛИК ВА СИНФДОШЛАР
– Болалигингиз ҳақидаги энг гўзал хотира...
– Доим халқ лапарларини айтиб юришим ва янги чиққан хонандаларнинг қўшиқларини бир маротаба эшитгандаёқ ёдлаб олишим. Ҳозиргача уларни ёдимда сақлаб келаман.
– Сизни Андижонга тортиб турувчи куч...
– Ўша болалигимни қидиришим. Уйга борганда синфдошлар билан учрашаман, ўша пайтдаги жойларни бориб кўраман. Аммо ўзгаришлар катта бўлгани учун тополмасдан ҳар доим чиқиб ўтирадиган ариғимнинг бўйига келиб узо-оқ хаёл сураман.
– Бугун синфдошларингиз...
– Улар мен билан фахрланишади. Тошкентга тез-тез келиб туришади, пойтахтда турадиганлари ҳам кўпчилик. Қолаверса, экранда кўриндимми, бирданига қўнғироқ қилиб табриклай бошлашади.
КАСБ ТАНЛАШ
– Нега хонанда бўлмагансиз?
– Қайдам. Актрисалик устунлик қилган бўлса керак. Аслида қўшиқчиликка роса ҳаракат қилганман. Ўқишни тугатганимдан кейин ҳатто мусиқали театрда ишлай бошладим. Лекин хонандаликнинг ортидан чопмадим. Отам билан маслаҳатлашганимда, у киши: “Қизим, актриса бўлсанг, барча касб эгаларини кўрсатиш имкониятига эга бўласан”, – деб маслаҳат берганлар. Шундай қилиб актрисалик танланди.
– Наҳотки, отангиз санъаткор бўлишингизга розилик берган? Кўпчиликда бунақа бўлмаган...
– Ҳа, отам менинг санъаткор бўлишим учун рухсат берганлар. Негаки, уларнинг ўзлари ҳам санъатга жуда шинаванда, баланд овозда ашула айтиб юришга уста инсонлар. Балки ўзларининг орзулари амалга ошмагани сабаб менга тўсқинлик қилмагандирлар...
– Тадбиркор бўлган бўлармидингиз?
– Албатта, агар ўшанда шу йўлни танласам, бугун яхши тадбиркорлар рўйхатида бўлишимга юз фоиз ишонаман. Лекин қизиқишларимдан келиб чиқадиган бўлсак, мактабда спортга жуда қизиққанман. Велосипед ва мотоцикл ҳайдашми, сувда сузиш ёки стол теннисими қолдирмасдан иштирок этардим. Ҳаттоки шу спорт турлари бўйича мусобақаларда ҳам қатнашиб, чемпион бўлганман (кулади).
ТЕАТР ВА ОРЗУЛАР
– Театрда сизни биринчи қўллаб-қувватлаган инсон…
– Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев. Ишга киришимга ҳам шу инсон сабабчи бўлганлар.
– Уч кун ичида саҳнага чиқиб кетган экансиз-а?
– Ҳа, ўшанда “Афандининг беш хотини” спектакли саҳналаштирилган бўлиб, машҳур актрисамиз Сайёра Юнусова туғуруқ таътилига чиқишлари керак бўлган. Шу кишини ўрниларига тезда мени танлашган ва бутун бошли жамоадошларим уч кун мени саҳнага тайёрлашган. Довдираб қолаверганим сабаб Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова қўлимдан маҳкам ушлаб, саҳнадаги ҳаракатланадиган жойларимгача олиб бориб, тайёрлаганлар. Бу ҳолат мен учун катта дарс бўлганди.
– Қайси образларни ижро этишни хоҳлагансиз?
– Илгари Нурхон ва “Бой ила хизматчи”даги Жамилани ўйнашни орзу қилардим. Энди эса Обид Юнусовнинг Ўткурийси, Гулчеҳра Жамилованинг Кумуши, Абдурайим Абдуваҳобовнинг Шум боласига ўхшаган фақат меники бўлиб қоладиган ролни орзу қиляпман.
– Шахсан сиз атаб асарлар ёзилмаяптими?
– Асар ёзилмади-ю, аммо образлар ёзилган. Масалан, драматург Эркин Хушвақтов “Андишали келинчак”даги Тўйчиниса ва “Меҳмонжонлардан айланай” асаридаги келин образини менга атаб ёзган. Лекин ҳар иккаласида ҳам айрим сабабларга кўра ўйнай олмадим.
ФАРЗАНДЛАРИ ҲАҚИДА
– Юқорида уйда доим қўлингиздан тушмайдиган нарсалар, деганда нега супурги, капгир деган воситаларни айтмадингиз?
– Чунки қизим 14 ёшга кириб уйдаги барча ишларни ўз зиммасига олган. Тўғри, баъзида унга ёрдам беришимни ҳисобга олмаганда, бунақа ишларни қилмайман ҳисоб.
– Демак, қизингизнинг актриса бўлишига қаршилигингиз йўқ...
– Қаршилигим бор.
– Ие, нега? Ахир ота-онангиз сизга қаршилик қилишмаган бўлса...
– Негаки, мен бу касбнинг нақадар оғирлигини билдим. Фарзандимнинг қийналишини истамайман. Одамлар сизга маза-да, ҳар куни хуш-хандон юрасизлар, дейишади, лекин аслида нақадар машаққатли касб танлаганимизни фақатгина шу соҳанинг ичидагилар билишади.
– Соҳангизнинг машаққатини санаб беринг-чи, унда?
– Биринчидан, санъаткор оиласига кам вақт ажратади. Иккинчидан, умри халқ хизматида. Учинчидан, доим миш-мишлар тузоғида. Тўртинчидан, касал бўлса ҳам, саҳнага чиқишга мажбур.
ОИЛА ВА ҲАЁТ
– Оилангиздагилардан ҳалигача нима учун танбеҳ эшитасиз?
– Автофалокатга учраганимдан кейин сал асабийроқ бўлиб қолдим. Жаҳлим тез чиққани сабаб тез-тез танбеҳ эшитиб тураман.
– Исмингизга хос равишда рўй берган воқеалар ҳам бўлганми?
– Албатта, кўпинча мен борган давраларда кўтаринки кайфият юзага келади. Байрамлар ҳам файзли ўтгани учун бунда Хосиятхоннинг ҳиссаси катта, деган гапларни кўп эшитганман. Ростдан ҳам борган давраларимда жим ўтиролмайман, ҳали қўшиқ айтиб ёки бошқаларни рақсга чорлаб, кайфиятни кўтаришга интиламан.
Шу пайт спектакл бошланиши бонги чалиндию суҳбатимиз якунланди. Саҳнага чиқишга тайёргарлик кўраётган Ҳосият Ҳусановага доимо саҳналардан тушманг, дея тилак билдирдик. Зеро, саҳна унинг ҳаётига айланиб улгурган...
Бахтиёр Расулов суҳбатлашди.
|
|
Янгиликлар
|
|
30.01.2012 г. |
 Бугун Бельгияда транспорт тизими ходимларининг умуммиллий иш ташлаши бўлиб ўтмоқда. Улар ҳукумат томонидан жорий этилган қатъий иқтисодий чоралардан норози.
Бундай миқёсдаги иш ташлаш 1993 йилдан бери биринчи марта кузатилиши. У 24 соат давом этади. Унда темир йўлчилар, жамоат транспорти ва авиакомпаниялар ходимлари иштирок этмоқда. Акция касаба уюшмалари томонидан мувофиқлаштирилмоқда.
Авиакомпаниялар раҳбариятлари Шарлеруа аэропорти орқали амалга оширилиши керак бўлган бир қанча рейсларни бекор қилишди, айримлари эса кечиктирилди.
Иш ташлашга ҳукуматнинг давлат харажатларини 1,3 миллиард еврога қисқартиришга ва пенсия ёшини оширишга қарор қилгани сабаб бўлди.
|
|
Янгиликлар
|
|
30.01.2012 г. |
 Швейцарияда Альцгеймер касаллигига чалиниб, хотирасидан қисман айрилган кексалар учун махсус қишлоқ қуришга қарор қилинди.
Қишлоқда қариялар ёш бўлган пайт – ўтган асрнинг 50-йилларидаги муҳит яратилади. Сўнгги вақтдаги воқеаларни эслолмайдиган, лекин ёшлигини унутмаган беморлар учун бу айни муддао бўлиши турган гап. Қишлоқдаги қаҳвахона, дўконлар, хуллас, ҳамма нарса эскича услубда бўлади. Беморларнинг бу ерни тарк этишлари мумкин эмас, лекин шифокорларнинг айтишича, уларда бундай истак туғилмаслиги аниқ.
Альцеймер касаллигига чалинган 150 та бемор яшайдиган қишлоқда 500 нафар ходим – боғбон, сартарош, официант, почтачи ва ҳоказолар ишлайдиган бўлади.
Беморлар бундай муҳитда ҳаётининг сўнгги йилларини бахтли ўтказишларига врачларнинг ишончи комил.
Қишлоқ қурилиши 20 миллион еврога тушиши айтилмоқда, лекин беморларнинг қанча тўлаши ҳозирча аниқ эмас.
|
|
Янгиликлар
|
|
30.01.2012 г. |
 Япония ҳукумати томонидан тайёрланган маърузада таъкидланишича, яна 100 йилдан кейин мамлакат аҳолиси учдан икки қисмга камайиб кетади.
Ўшанда кунчиқар мамлакатда ҳозирги 127,7 миллион ўрнига 42,9 миллион аҳоли яшайдиган бўлади.
Яқин 50 йил ичида аёллар ўртача 90, эркаклар эса 84 йил яшаши кутилмоқда. Ўртача умр кўриш бўйича Япония дунёдаги энг баланд кўрсаткичлардан бирига эга.
Мутахассислар аҳоли сонининг кескин камайишини мамлакатда иқтисодий шароитнинг ёмонлашуви билан боғлашмоқда. Уларнинг таъкидлашича, ҳозир ҳам ёшларнинг кўпчилиги оила қуриш ва фарзандли бўлишни хоҳламаяпти.
|
|
Саломатлик
|
|
30.01.2012 г. |
 Ҳа, қалқонсимон безни «саломатлик қалқони», десак бўлади. Унинг оғирлиги атиги 25-30 грамм, лекин танамизда моддалар алмашинуви, нафас олиш, инфекцияларга қарши курашувчанлик ва зарарланган тўқималарнинг тикланиши, хуллас, саломатлигимиз кўп жиҳатдан ана шу безга боғлиқ. Шундай экан, уни турли хавфлардан асраб-авайлашимиз зарур.
ЙОД КЕРАК
Қалқонсимон без учта гормон ишлаб чиқаради – тиреокальцитонин, тироксин ва трийодтиронин. Булардан биринчиси организмда кальций алмашинувини, қолган иккитаси эса танамиздаги барча ҳужайраларда моддалар алмашинувини тартибга солади. Қалқонсимон без фаолияти бузилдими, бирор касалликни кутиб олишимизга тўғри келади. Агар юқорида тилга олинган гормонлар керагидан ортиқ ишлаб чиқарила бошланса, қалқонсимон без организмни тезроқ ишлашга мажбур қилади, бу ҳолда одам озиб кетади. Гормонлар етарлича ишлаб чиқарилмаса-чи? Бунда моддалар алмашинуви бузилиб, истеъмол этилган таомлар мақсадга мувофиқ ишлатилмайди ва киши семира бошлайди.
Қалқонсимон безга гормонлар ишлаб чиқариши учун керакли маҳсулот – бу йод. Шунинг учун қалқонсимон без касалликларига кўпинча сабаб қилиб йод танқислиги кўрсатилади. Бу ўринда, албатта, ирсий омилни ва қалқонсимон без туғма ривожланмаган бўлиши ҳам мумкинлигини унутмаслик лозим.
Айниқса, шаҳарларда радиоактивликнинг юқори бўлиши қалқонсимон без фаолиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Радиация биринчи навбатда қалқонсимон без ҳужайраларига зарар етказади. Бизни қуршаб олган кимёвий моддалар ҳам хайрли эмас. Айтайлик, қон босимини туширувчи, сийдик ҳайдовчи дорилар қалқонсимон без фаолиятига путур етказиши мумкин.
Парҳезларга ҳаддан ортиқ ихлос қўймаган маъқул, акс ҳолда танада гормонлар мувозанати бузилади. Шунингдек, доимий стресслар ва ортиқча ҳис-ҳаяжонлар қалқонсимон безнинг душмани саналади.
ГИПОТИРЕОЗ ВА ГИПЕРТЕРИОЗ
Қалқонсимон без фаолиятининг сусайиб бориши тиббиётда гипотиреоз деб аталади, яъни без гормонларни етарли миқдорда ишлаб чиқармай қўяди. Гипотиреоз болаларнинг жисмоний, жинсий ва ақлий ривожланишдан ортда қолишига олиб келади. Бу касалликка чалинган бемор ҳолсизлик, толиқиш, меҳнат қобилиятининг пасайиши, уйқучанликдан шикоят қилади, тез-тез қабзият безовта қилади. Аёлларда тирсак ва тиззада тери қуруқшаши мумкин. Беморнинг териси шўралашади, соч тўкилади, тирноқлар мўрт бўлиб қолади. Гипотиреозга чалинган одамда тана ҳарорати одатда 36 даражадан кўтарилмайди ва у совуққа чидамсиз бўлади.
Гипотиреознинг сабаблари турли-туман бўлиши мумкин: туғма, операция асорати, радиация ёки вирусли инфекциялар, кимёвий маҳсулотлар ва ҳоказо. Бироқ касаллик пайдо бўлишига асосий сабаб – йод танқислиги. Дастурхонидан мева-чевалар ва денгиз маҳсулотлари аримайдиган одамнинг бундай муаммога дуч келиш эҳтимоли кам. Гипотиреозга чалинмаслик учун йод зарур экан, деган хаёлда ўзбошимчалик билан йод профилактикасига киришманг. Акс ҳолда фойда эмас, зарар кўриб қолишингиз мумкин. Бу ишни, яхшиси, мутахассисга қўйиб беринг.
Баъзида қалқонсимон без жуда фаол ишлайди, бу ҳам касаллик бўлиб, гипертиреоз деб аталади. Бунда организмдаги моддалар алмашинуви кучайиб кетади.
Гипертиреоз натижасида бемор серзарда, салга йиғлайдиган, юраги тез-тез урадиган бўлиб қолади, кучсиз иситма чиқади. Беморнинг иштаҳаси яхши бўлса ҳам озиб кетади, оёқ-қўли, баъзан бутун бадани титрайди, кўп терлайди ва қалқонсимон без катталашади.
Кўпинча стресслардан азият чекадиганлар гипертиреозга чалиниб қолишади. Касалликка ўз вақтида ташхис, қўйиб, даволашни бошлаш жуда муҳим. Одатда, 1,5-2 йил махсус препаратлар билан даволанади.
АЛАМЛАРНИ УНУТИНГ
Мутахассислар қалқонсимон без ва руҳий муаммолар ўртасида боғлиқлик мавжудлигини таъкидлашади. Гап шундаки, қалқонсимон без бизнинг саломатлигимизни асраш мақсадида ҳар қандай руҳий зарбани ўзига олар экан. Одам ҳадеб ўзини айбдор ҳис қилавериши, ўз қобилиятларини намоён эта билмаслиги қалқонсимон без фаолиятиги салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Бундай вазиятдан чиқиш учун дори-дармонлар камлик қилади, ўзингизга ўзингиз ёрдам беринг. Қандай қилиб дейсизми? Жуда осон: ўзингизга нисбатан ачиниш ёки нафрат ҳиссини йўқотинг, аламларни унутинг, одамларга кулиб қаранг ва соғлом турмуш тарзи кечиринг. Мана кўрасиз, ғам-андуҳлар аригани замон касалликдан ҳам фориғ бўласиз.
ХАЛҚ ТАБОБАТИДАН
- Гипотиреозга чалинган беморларга ламинария (денгиз карами) фойдали ҳисобланади. Унинг таркибида кўплаб витаминлар ва микроэлементлар, энг муҳми, йод бор. Ламинарияни таомларга қўшиш ёки ярим чой қошиқ қуритилганини овқатланишдан олдин қабул қилиш мумкин.
- 1 ош қошиқ денгиз карами, 3 ош қошиқ творог, 10 та ёнғоқ мағзи, 1 ош қошиқ тўғралган саримсоқ ва 1 чой қошиқ ўсимлик ёғини яхшилаб аралаштиринг. Ҳафтада 2-3 марта еб турасиз. Ортгани совикичда сақланади. Бу аралашма йод танқислигида ёрдам беради.
- Битта лимон пўстлоғи, 1 ош қошиқдан зиғир уруғи ва асални аралаштириб, устидан 1 литр қайнаган сув қуйилади. Паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Совигач, сузиб олинг. Куни бўйи сув ёки шарбат ўрнига ичасиз.
Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!
|
|
Савол сиздан
|
|
30.01.2012 г. |
Untitled Document
«2009 йилда туғуруқ таътилига чиққандим. Орадан деярли уч йил ўтиб, таътилим иккинчи фарзандимга уланиб кетди. Ишхонадан менга энг кам иш ҳақи белгилаган ҳолда таътил ҳақи белгиланибди. Шу тўғрими?»
Наргиза Қодирова, Наманган вилояти
– Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади.
Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.
Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади.
Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси жойларда белгиланган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда олинади.
Айрим ҳолларда, яъни меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилингандан (Меҳнат кодексининг 67-моддаси) кейин бир ой ичида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган бўлса, нафақа яшаш жойидаги туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлими томонидан тўланади.
Жавоб “Mavluda konsalt” адвокатлик бюроси
томонидан тайёрланди.
|
|