|
Савол сиздан
|
|
06.02.2012 г. |
Untitled Document
«Мен бир корхонада қоровул бўлиб ишлайман. Корхона раҳбари мени мажбуран бошқа, ўзим истамаган вазифага ўтказмоқчи. Агар унамасам, меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи. Бунга раҳбарнинг ҳаққи борми? Қандай йўл тутай?»
– Бу ҳолда бошқа ишга ўтказиш сабаблари ёритилмаганлиги сабабли қонунчиликдаги тартибни эслатиб ўтмоқчимиз. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 91-моддасига асосан меҳнат шартномасида шартлашиб олинмаган иш жойини ўзгартириш меҳнат шартларини ўзгартириш деб ҳисобланмайди ва бу ҳақда ходим билан келишиш талаб қилинмайди.
Лекин бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) – унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин.
Агар объектив сабабларга кўра (100-модда иккинчи қисмининг 1, 2 ва 6-бандлари ва 106-модданинг 2-банди) меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бир мунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин.
Шунингдек, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади.
Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини бериши шарт.
Меҳнат кодексининг 95-моддасида кўрсатилганидек, ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим соғлигига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.
Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.
Жавоб “Mavluda konsalt” адвокатлик бюроси
томонидан тайёрланди.
|
|
Янгиликлар
|
|
03.02.2012 г. |
 Футбол юлдузи Зайниддин Зидан франциялик ҳажвчи Кристоф Алевекни судга берди.
Ҳажвчи телекўрсатувлардан бирида Зиданнинг реклама соҳасидаги фаолиятини ҳақоратомуз оҳангда қаттиқ танқид қилган. Энди собиқ футболчи ундан 75 минг евро маънавий зарар ундирмоқчи.
Маълумки, Зайниддин Зидан 2006 йилги жаҳон чемпионатидан кейин футболдаги фаолиятига якун ясаган эди. Шундан кейин у ўзига хос спорт «элчиси» сифатида бир қанча реклама роликларида (ҳам тарғибот мақсаддагиси, ҳам тижорий лойиҳаларда) суратга тушган.
Алевек Зиданнинг тез-тез рекламаларда кўринишига кескин фикр билдирган, унинг энг юмшоқ танқиди собиқ футболчини «мияси йўқ реклама плакати» деб аташ бўлган.
Суд ҳукми март ойида эълон қилинади.
|
|
Янгиликлар
|
|
03.02.2012 г. |
 Қирғизистонда парламент комиссияси мамлакатнинг Россияда ишлайдиган дипломатларини бир қанча қонунбузарликларда айбламоқда.
Жумладан, Москвадаги элчихона ходимларига автомобиль рақамларидан мақадга мувофиқ фойдаланмаганлик, тадбиркорларнинг жиноий гуруҳлар томонидан тазйиқлар бўлаётгани ҳақидаги мурожаатларини эътиборсиз қолдирганлик ва бюджет маблағларини талон-тарож қилганлик айблари қўйилмоқда.
Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси фуқароларнинг кўплаб шикоятларидан кейин текширилган. Парламент комиссиясининг таъкидлашича, элчихона меҳнат мигрантлари билан керакли даражада иш олиб бормаган. Бундан ташқари, элчихона биносининг бир қисми жисмоний шахсларга ижарага берилган, лекин ижара учун тўланган пуллар қаерга кетгани номаълум. Шунингдек, комиссия элчихонани таъмирлаш учун ажратилган 15 миллион рубль талон-тарож қилинганини билдирди.
Комиссия хулосалари парламентда муҳокама қилиниши кутилмоқда.
|
|
Янгиликлар
|
|
03.02.2012 г. |
 9 ёшли америкалик қизда олтита аъзо трансплантацияси ўтказилди.
Жарроҳлар унинг ошқозони, жигари, талоғи, ичак ва ошқозон ости безини алмаштиришди.
Аллана Шевенелл 5 ёшлигида саркоманинг оғир кўринишига чалинган эди. Ўтказилган кимётерапия муолажаси фойда бермади. Шундан кейин шифокорлар жарроҳлик усулини таклиф этишди, аммо муолажанинг самараси атаги 50 фоиз бўлиши мумкинлигини айтишди. Айни пайтда Аллана реабилитация даврини ўтаяпти, у кунига ўнлаб ҳаб дориларни қабул қилиши керак.
«У деярли иммунитетдан мосуво. Лекин биз бу кунни бир йилдан ортиқ кутдик ва ҳаммаси хайрли тугаганидан хурсандмиз», – дейди қизалоқнинг бувиси Деби Сколас.
|
|
Янгиликлар
|
|
03.02.2012 г. |
 Айни кунларда дунёнинг бир қатор ҳудудларида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши кузатилмоқда.
Жумладан, Япониянинг 38 та аҳоли пунктида рекорд даражадаги қуйи ҳарорат қайд этилди. Миллий метеорология бошқармаси маълумотига кўра, жанубий Кюсю оролидан тортиб шимолий Хонсю оролигача қалин қор ёққан. Хонсюдаги Нагано префектурасида энг қуйи ҳарорат, яъни -26 даража қайд этилди.
Сўнгги бир неча кундан бери кунчиқар мамлакатда тинмай қор ёғяпти, баъзи жойларда қорнинг қалинлиги 4,3 метрга етган. Шу сабабли йўлларда ҳаракатланиш қийинлашган, транспорт тўқнашувлари сони ортган. Совуқ ҳаво туфайли Японияда 50 киши бевақт вафот этди. Айрим жойларда йўлларни қордан тозалашга нафақат коммунал хизматлар ходимлари, балки армия бўлинмалари ҳам жалб этилган.
Agence France-Presse тарқатган хабарда айтилишича, совуқ ҳаво Европада 163 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Шарқий Европадаги айрим қишлоқлар электр энергиясидан тамомила узилиб қолган, транспорт қатновлари издан чиққан. Айниқса, Польша, Руминия, Болгария, Украина, Босния ва Герцеговинада ҳаво жуда совуқ.
|
|
Хидоят сабоклари
|
|
03.02.2012 г. |
 Жорий йил мамлакатимизда “Мустаҳкам оила” йили деб эълон қилинди. Оила қачон мустаҳкам бўлади? Қачонки оила бошлиғи фарзанд тарбиясию оиланинг барча юмушларини қўлига олса. Оила ҳам кичкина бир давлат, уни тўла-тўкис бошқариш лозим. Бу вазифа эса оталар зиммасига юкланган.
Юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Бозорларимизда тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик, ҳамма нарса муҳайё. Аёлларимиз ҳам эркаклар билан баб-баравар барча жабҳаларда фаолият юритишяпти. Айниқса, тижорат соҳасида аёллар кўпроқ уддабуролик қилишмоқда. Шу боис пул топиш йўлларини ҳам улар пухта эгаллашяпти. Бу ишларнинг барчаси яхши. Бироқ оилада фарзандлар тарбияси масаласи четга чиқиб қолмаяптимикан? Назаримизда, оилада отанинг роли бир оз пасайиб қолаётгандек. Унинг мавқеи тушиб бораётгандек.
Халқимизда «отанг ётган уйнинг томига чиқма», деган пурҳикмат мақол бежиз яратилмаган. Ота падари бузруквор дейилади. Унга оиланинг устуни, оилани барча офатлардан сақлагувчиси, ҳимоячиси, боқувчиси деб қаралади. Қиз узатилаётганда бекорга отанинг дуоси сўралмайди. Бунда ҳикмат кўп. Ота дуосини олган қиз борган жойида тош қотади. Ўша ерда палак ёзиб, ўзидан кўпайиб, бола-чақа орттиради. Яъни отанинг дуоси ижобат бўлади. Ота қарғишига учраган, унинг панд-насиҳатларига қулоқ солмаганларнинг ҳаётда ҳеч қачон косаси оқарган эмас. Бу хусусда “Қобуснома”да шундай ёзилган: “Эй фарзанд, билгинким, ақл юзасидан фарзандга ота-онани иззат ва ҳурмат қилиш вожибдир. Нединким, унинг асли ота ва онадур. Ота ва онанинг нима учун ҳурмат қилурман, деб кўнглингга келтурмағил, билгинки, улар сенинг учун ўлимга ҳам тайёр турадурлар”.
Фарзанд ота насиҳатларига қарши иш тутдими, демак, ўша кундан бошлаб ота дили ранжийди, муҳаббати эса камайиш сари юз тутади. Бундан хабардор бўлган ён-атрофдагилар, қариндош-уруғларнинг ҳам ёмон фарзанддан ихлоси қайтади. Ота ўз фарзандларини қанчалик севса, шу фарзанд одамлар орасида шунча ҳурмат топаверади. Аксинча бўлса, одамлар: “Агар бу фарзанд яхши бўлганда эди, отаси уни ёмон кўрмасди”, – деб айтадилар.
Ота ҳурмат-иззатини қозонган фарзанд ўз тенгдошлари орасида ҳам ҳурматли бўлади. Катта бўлганда эса одоб ва ҳусну хулқдан одамлар ичида эътибор қозонади. Натижада ҳаёт ҳам ширин ва гўзал кўринади.
Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ота ҳурматига сазовор фарзанд қанақа-ю, унинг насиҳатини қулоққа илмай, тортишадиган, отасини ранжитадиган фарзанднинг ҳаёти қанақа?
Абдулқодир Нурий ал-Барзанжий шундай ёзади: “Фарзанднинг отасига нисбатан амал қилиши керак бўлган одобларидан бири шуки, ўз отасига камтарликни ифодаловчи ва ҳурматни изҳор этувчи лойиқ сўз билангина мурожаат қилади. Ота олдида ниҳоятда одоб билан ўтиради. Ота овозига нисбатан ўз овозини баланд қилиб гапирмайди”.
Энди қуйидаги воқеани диққат қилинг.
Бир киши уч ўғил фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Барчасини олий маълумотли, уй-жойли қилди. Фарзандларни обрўли жойларга ишга жойлаштирди. Фарзандлар эса амал пиллапояларидан кўтарилиб, яхши мартабаларга эришдилар. Ота эса кексайиб, касалманд бўлиб қолди. Фарзандлар аввалига қарашиб туришди, кейин эса ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Ниҳоят, тошбағир фарзандлар отани қариялар уйига топширишди. Афсуски, орамизда онда-сонда бўлса-да, ана шундайлар ҳам учраб туради.
Отам оилада қаттиққўл, лекин кези келганда, меҳрибон, ғамхўр инсон эдилар. Тўққиз нафар фарзанддан бирортамиз гап қайтариш у ёқда турсин, юзларига тик қаролмасдик. Худога шукр, бугунги кунда барчамиз оилали, бола-чақали, неварали бўлиб кетганмиз. Отамнинг ҳурматини қанчалик жойига қўя олдик, бунга бир нима дейиш қийин, албатта. У киши оламдан ўтганига 17 йил бўлган бўлса-да, ҳамон ўгитлари қулоқларим остида жаранглайди. Ҳаётимнинг энг оғир дамида ва қувончли кезларида падаримни бот-бот эслайман. Эвоҳ, шу дам отам ёнимда бўлмадилар-да, дейман. Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, ёрдамларига ҳамон муҳтожлик сезаман. Ота белнинг қуввати, хонадоннинг давлати. Оталарнинг дуоси борки, юрт тинч, мамлакат обод.
Ота ҳукмрон бўлган оилада ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади. Қайсики, оилада парокандалик бўлса, билингки, у ерда отанинг ўрни йўқ. Хоҳ у мамлакат бўлсин, хоҳ оила. Нима бўлганда ҳам ота оиланинг сарбони, унинг ҳурматини жойига қўйиб эъзозлаш лозим. Оталар соғ-омон бўлишсин!
Иззат Аҳмедов
|
|