7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

АМАЛГА ОШМАГАН БАШОРАТЛАР
Бу ажиб дунё
07.02.2012 г.
Image

Шифокорлар янглишишдан қўрқишади. Бу ёзилмаган қонун, чунки шифокорнинг янглишишга ҳаққи йўқ, бу инсонларнинг умрига зомин бўлиши мумкин. Аммо оддий одамлар кўп янглишишади. Кимларнингдир хатоларини ҳеч ким сезмай қолади, бошқалариники эса дарров тилга тушади. Илло, баъзан янглиш фикрлар бутун инсониятга дахлдор бўлади...
1865 йили The Boston Post нашрида босилган мақолада симлар орқали овозни узатиш мумкин эмаслиги, буни ҳар қандай саводли одам яхши билиши таъкидланганди. Орадан 11 йил ўтиб, Western Union ходимларининг хотира қоғозида қуйидаги ёзув пайдо бўлди: “Телефоннинг камчиликлари шунчалик кўпки, алоқа воситаси сифатида унга жиддий ёндашиб бўлмайди. Бу ускуна ҳеч қандай қийматга эга эмас”.
1878 йили АҚШдаги почта бўлимларидан бирининг муҳандиси Вильям Прис телефон америкаликларга асқатиши мумкинлигини, аммо почта хизматида унинг кераги йўқлигини айтган. Чунки унинг ихтиёридаги чопарлар етарли эди.
Кельвин ҳарорат шкаласининг асосчиси ихтирочи лорд Кельвин 1897 йили радионинг келажаги йўқлигини узил-кесил маълум қилган. 1948 йили таълим радиодастурлари кашшофи Мэри Сомервилл телевидение умидларни оқламаганлигини, унинг умри узоққа бормаслигини башорат қилган. Овозли кино ва вакуумли чироқлар ихтирочиси Ли де Форест эса эфирга узатиладиган телевидение фақатгина назарияда мавжуд бўлиб қолаверишини айтган.
Шуниси қизиқки, овозсиз кинода шуҳрат қозонган Чарли Чаплин киносаноатни унчалик ёқтирмаган. У кинони вақтинчалик қизиқиш деб атар ва томошабинлар ҳақиқий саҳнадаги “тирик томоша”ни кўришни маъқул кўришларига сира шубҳа қилмасди.
Амалга ошмаган башоратлар кўпроқ компьютерлар соҳасига тегишли. 1951 йилда британиялик профессор Дуглас Хартри Буюк Британиядаги Оксфорд, Манчестер ва Теддингтон университетларида мавжуд бўлган учта ЭҲМнинг ўзиёқ хар қандай ҳисоблашларни қотириб ташлашига ишончи комиллигини, кўп миқдордаги бунақанги ускуналар хеч кимга керак эмаслигини таъкидлаганди.
1949 йили мартда “Оммабоп механика” журналида босилган башоратда “Агар бугунги кунда ҳисоблаш машиналари 18000 вакуумли чироқлардан иборат бўлиб, оғирлиги 30 тонна келса, келажакда улардаги чироқлар сони мингтагача камайиши, вазни эса бир ярим тоннагача бориши мумкин”, дейилганди. Тўғри, мақола муаллифлари вақти келиб компьютерларнинг вазни бир килограммга ҳам етмаслигини, уларда битта ҳам вакуумли чироқлар бўлмаслигини тасаввур қила олишмаганди, албатта.
Ethernet ихтирочиси ва 3Com асосчиси Роберт Меткалф эса 1995 йилда тобора машҳурлашиб бораётган интернет тармоғи 1996 йилдан сўнг таназзулга юз тутишига қатъий ишонишини айтганди.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Intel асосчиси Гордон Мурга тизимли блок, монитор ва клавиатурадан иборат компьютер концепциясини таклиф этишган. Мурнинг “Бунақанги тизим нима учун керак бўлиши мумкин?” деган саволига компьютер уй бекалари пишириқларни пишириш усулларини ёзишлари ва сақлашлари учун керак бўлишини айтишди. Ижобат бўлмаган башоратлар орасида IBM вакилларининг Xerox яратувчиларига дунё бозорида нусха кўчирувчи ускуналар сони беш мингтадан ошмаслигини айтганликлари ҳам қайд этилган.
Amstrad компанияси бош директори Алан Шугернинг iPod плеерлари 2006 йил охиригача бутунлай истеъмолдан чиқарилишини таъкидлагани ҳам амалга ошмади. Шугер iPod плеерларини эскирган ва йўқотилишга маҳкум сарқит маҳсулот деб ҳисоблаган.
Microcoft асосчиси Билл Гейтс бирданига учта башорати билан амалга ошмаган башоратлар рўйхатида қайд этилган. 1983 йили Гейтс Microcoft ҳеч қачон 32 битли операция тизимларини чиқармаслигини маълум қилган. 1987 йили эса у ОS/2 дунёдаги энг муҳим операция тизими бўлиши ва барча даврларнинг энг яхши дастурига айланиши эҳтимоли борлигини айтганди. 2004 йили Гейтс халқаро иқтисодий анжуманда икки йилдан сўнг спам муаммоси ечим топишини башорат қилганди. Афсуски, унинг сўнгги башорати ҳамон интернет фойдаланувчиларининг орзуси бўлиб қолмоқда...
Ҳусниддин тайёрлади.

 
ҚАРШИ ҚУДАЛИК ОҚИБАТЛАРИ ҚИЙИН ЭКАН
Мутолаа
07.02.2012 г.
Image

Ота-онам ёлғизгина ўғилларига бадавлат хонадондан келин олишни орзу қилиб келишарди. Лекин акам мактабдош қизга кўнгил қўйди. Улар бир-бирларини яхши кўришларини мактабда деярли ҳамма биларди. Аммаларим суриштира-суриштира обрўли хонадондан қиз топишди. Икки ўғилдан кейин туғилган ёлғиз қизни акамга олиб беришди. Тўй жуда дабдабали бўлиб ўтди. Ҳамма шод-хуррам, куёв бўлмиш акам эса бир нуқтага тикилганча оғир хаёлга толиб ўтирарди. Унинг бу аҳволидан мен ҳам эзилдим. Келинойим бадавлат оиланинг тантиқ қизи бўлгани учун салга аразлаб қолаверар, уй юмушларини вақтида бажармас, акам билан тез-тез жанжаллашарди. Муҳаббатини унутолмаётган акам келинойимнинг оғир феъли туфайли унга кўниколмади, уйдан безиб, кўп вақтини кўчада ўтказадиган бўлди. Ота-онам бу ҳолга унчалик эътибор беришмади. Чунки уйимизни келинойимнинг қимматбаҳо жиҳозлари безаган, ҳар ҳафта у томондан тансиқ неъматлар келиб турарди. Бир куни нонушта қилиб ўтирсак, келинойим гап очиб қолди:
– Акамни уйлантиришмоқчи экан, келин излашяпти. Мен дадам билан ойимга қайнисинглимни келин қилинглар, яхши қиз, деб мақтадим, – деди.
– Ростданми? Вой, ўзим ўргилай сиздан, – суюниб кетди ойим. – Агар сизникилар қизимни келин қилишса, ҳаммамизга яхши бўлади. Қарши қуда бўлиш яхши-да. Лекин акангиз нима деркин?
– Акам тўйимиз куни Зебони кўриб ёқтириб қолган экан, ўзи розилик берди.
Бу тўйга акам тиш-тирноғи билан қарши бўлди. Мен эса қарши қудалик оиламизга яхшилик, тотувлик олиб кирса, зора, деган ниятда келинойимнинг акасига тегишга рози бўлдим. Шундай қилиб, онам келинойимнинг хонадонига мени қўшқўллаб берадиган бўлди. Қуда холам бўлса “Қизимнинг қайнисинглисини келин қилсам, қизимнинг янаям тили узун бўлади”, – деган мақсадда мени келин қилганини тўйдан кейин тушуниб етдим. Авваллари уйимизга келганида мени бағрига босиб алқайверадиган қуда холам энди қайнонамга айланганидан бери менга совуқ муносабатда бўла бошлади. Қилган ишимдан камчилик ахтаради, саҳарда турсам-да, кеч туряпсан, деб жанжал қилади. Пиширган овқатларимнинг мазаси ёқмайди. Бир куни чидаб туролмадим, жаҳл келганда ақл кетади деганларидек портладим:
– Ойижон, нега бундай қиляпсиз? Ўзингизнинг қизингиз ҳовлимизга келин бўлиб борганидан бери бирон марта саҳар турмаган. Овқат пиширишни ҳам билмайди, акам билан уришгани-уришган, – дедим.
Жанжалимиз устига келинойим келиб қолди.
– Менга қара, – деди сенсираб, – мен сени бекорга акамга тўғриладимми, сени аканг мени бахтсиз қилди. Менинг тўккан кўз ёшларимни бадалини энди сен тўлайсан. Токи аканг менга яхши гапирмас экан, сенга ҳам бу уйда кун бўлмайди.
Келинойимнинг гапларини эшитиб қотиб қолдим. Тўғри, акам келинойимга бефарқ, эрим эса мени яхши кўради. Бизнинг аҳиллигимизни, ўртамиздаги илиқликни кўрган қайнонам шунинг учун мени ёмон кўрар экан-да. Демак, қачонки акам келинойимга кўнгил қўйса, шундагина мен ҳам тинч яшашим мумкин экан-да?! Нима қилишимни билмай қолдим. Энди қайнонам ҳар куни менинг кетишимни хоҳлаяпти, эрим йўқлигида ҳайдаяпти. Бу ғавғолар ҳақида на акамга, на турмуш ўртоғимга оғиз очолмаяпман. Бунинг устига келинойим билан акамнинг икки йилдан бери фарзанди йўқ. Мен эса ҳомиладорман. Бир неча ойлардан кейин фарзандим туғилса, нима бўлади? Қайнонам “Сен болалик бўлдинг, қизим эса тирноққа зор ўтирибди”, – деб яна мени айблаши тайин. Қудалар ўртасига ҳам совуқчилик тушиб бўлди.
Куни кеча акам билан учрашдим. Унга ҳаммасини гапириб бердим.
– Кўрдингми, синглим? – деди акам алам билан. – Келинойингнинг феъли жуда ёмон. Агар мулойим, ақлли, меҳрибон бўлганида балки унга кўникишим мумкин эди. Лекин ортиқ чидолмайман, агар сен бўлмаганингда ҳозироқ ажрашардим, ҳеч кимнинг кўнглига қарамасдим.
Бугун ота-онам бахт бойликда эмас, балки меҳр-оқибатда эканини тушуниб етишди. Бошида акамнинг қалбига қулоқ солишганида қисмати бунчалар аччиқ бўлмасди. Шахсий ҳаётларимиз бир-бирига тобе бўлиб қолишини билганимда эрим минг яхши бўлса-да, ота-оналаримизнинг қарши қуда бўлишларига ҳеч қачон рози бўлмаган бўлардим. Қарши қудаликнинг оқибатлари қийин экан. Бирон оилада келишмовчилик бўлса, ҳар икки тарафга таъсири бўлмай қолмас экан. Энди бир умр бунинг жабрини тортиб яшасам керак.

Келиннинг изтиробларини Раъно Маҳмудова оққа кўчирди.
 
СЕЙМАННИНГ БАҲОРИ, УМАРНИНГ ЭЪЗОЗИ
Сериаллар олами
07.02.2012 г.
Image

“Келин” сериалининг довюрак, иродали, чапани келинчаги Эъзознинг кадр ортидаги ҳаёти ҳақида нималарни биласиз?
Келинг, бу хусусда билганларимизни баҳам кўрсак.

ТЎРТ ЁШИДАЁҚ ЎҚИШ ВА ЁЗИШНИ БИЛАРДИ
Нургул Яшилчой Турк кинооламининг энг ёрқин юлдузларидан бири. 1976 йил Измирда таваллуд топган Нургулнинг кинодаги илк қадамлариёқ унга кутилмаган машҳурликларни ҳадя этди.
“Мен Измирда туғилганим билан ҳужжатларимга кўра  афёнликман. Сабаби, отам Афённи жуда севарди. Ўзим эса у ерда бир марта бўлганман, холос, – дейди Нургул ўз ҳаётини ҳикоя қилиб бераркан. – Мен тўрт ёшимдаёқ опаларимдан ўқиш ва ёзишни, содда математик масалаларни ечишни ўрганиб олгандим. Тиришқоқлигим иш бериб, мени бир йўла иккинчи синфга қабул қилишган (аслида учинчи синфга қабул қилинардим бироқ жуда кичкиналигим учун дадам розилик бермаган).
Лицейда ўқиб юрган вақтларимда Эрзинжон зилзиласи юз берди. Биз – саккизта кўнгиллилардан ташкил топган гуруҳ у ердаги одамларга ёрдам бериш учун кетдик. Туркиянинг аччиқ бир ҳақиқатини бошдан кечираётган инсонларни кўриш жуда ачинарли эди”.

БИРИНЧИ МУҲАББАТ...
“Бир куни мактабдан қайтаётиб бир талаба билан танишиб қолдим, у мени ўзи қатнаётган рассомчилик тўгарагига олиб борди. Рассомликка ҳавас менда аввалдан бор эди. Ўқитувчи чизган расмларимни кўргач, мени ҳам ўзига ёрдамчи қилиб олди.
Биринчи муҳаббат азоби бир ой овқат емаслик, йиғи, йиғи ва яна йиғи билан кечди… Инсон илк севган кишиси билан турмуш қуришни, бола-чақали бўлиб, бахтли ҳаёт кечиришни иcтаркан. Аммо, яхшики, булар сўнгги муҳаббатингдагина насиб этади. Орадагилари эса ўткинчи…”

“ИШКОМЛИ УЙ” – МАШҲУРЛИК САРИ
Ўрта таълим ва лицейдаги таълимни Измирда тамомлаган Нургул 2001 йилда Эскишаҳардаги Онадўли университетининг театр актёрлиги бўлимининг талабаси бўлди. Университетда ўқиш жараёнида илк ролини – “Иккинчи Баҳор” филмида Гулсум образини яратди.
2002 йилда суратга олинган “Ишкомли уй” сериалидаги Баҳор Қорадоғ образи актрисага оламшумул шуҳрат олиб келди, десак адашмаймиз. Бу сериал турк кино оламининг энг машҳур ва юқори рейтингли сериали сифатида ҳанузгача севимлилик даражасини йўқотгани йўқ.
“Ишкомли уй”дан сўнг Нургулга режиссёрлар томонидан таклифлар ёмғирдек ёғилиб кетди. Бирин-кетин бир нечта филм, сериалларда суратга тушган Нургул Туркиянинг энг севимли ва қиммат актрисасига айланди.
Ўзи каби санъат вакилларидан бўлган Чем Озер билан муносабатларини 2004 йилда никоҳ билан боғлаган Нургул 2005 йилда ўғли Осман Нежатни дунёга келтирди.

СЎНГГИ МИШ-МИШЛАРГА ҚАРАГАНДА...
Актрисанинг бахтли турмушига бошқаларнинг “кўзи” тегдими ё бошқа сабабми, сўнгги вақтларда Туркия матбуотида Нургулнинг оиласи бузилаётгани ҳақида тез-тез ҳабарлар чоп этила бошлади.
Маълумотларга қараганда, Нургулнинг ўзи ажрашиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган. Суд ажримни Нургулнинг фойдасига ҳал қилди, Осман Нежат ҳам, уй ҳам актрисада қоладиган бўлди. Жем Озер эса рафиқасининг қарорига қаршилик билдирмади, аксинча, ажрим тўғрисидаги қарор чиқибоқ бошқа уйга кўчиб ўтди. Ҳозирда матбуот саҳифаларида юлдузли оиладаги ажрим сабаблари тўғрисидаги турли тахмин ва музокаралар ёритиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Нургул Жем Озернинг иккинчи никоҳидаги рафиқаси эди.

 
УМРИНИ СПОРТГА БАҒИШЛАГАНЛАР
Спорт
07.02.2012 г.
Image

Ўз умрини тамомила спортга бағишлаган инсонлар жуда кўп. Уларнинг айримлари спорт нуқтаи назаридан аллақачон нафақага чиқишлари лозим бўлган бўлса-да, барчани ҳайратда қолдирганларича ўз ишларини давом эттирганлар.

93 ЁШЛИ МУРАББИЙ
2010 йилнинг май ойида энг кекса футбол мураббийси Айвор Пауэлл ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. Бу пайтда у 93 ёшда эди.
Айвор охирги йилларда бошқариб келган "Тим Бат" жамоаси халқаро ареналарда довруқ қозонмаган бўлса-да, барча футболчилар оқсосол мураббийни ҳурмат қилишар ва кўрсатмаларини сўзсиз бажаришарди.
Айвор Пауэлл ўтмишда тузуккина футболчи бўлган ва ҳатто Уэльс терма жамоаси сафида 14 та учрашув ўтказган. Шунингдек, у “Бдэкпул” сафида машҳур Стэнли Мэттьюз билан ёнма-ён тўп сурган. 1950-йилларда мураббийлик қила бошлаган, фаолияти давомида бир неча Англия жамоалари ва хорижнинг “ПАОК” клубини ҳам бошқарган. Фаолияти давомида 9 мингдан ортиқ футболчи Пауэллдан сабоқ олган ва футбол сирларини ўрганган.
Унинг сўнгги жамоаси бўлган Англиядаги Бат шаҳри университетининг "Тим Бат" жамоасини Пауэлл 1973 йилдан буён бошқариб келарди (Фергюссонлар йўлда қолиб кетганига ишонч ҳосил қилдингизми?). 2002 йилда бу клуб Англия Кубогининг асосий турнирига чиқа олди ва  122 йил ичида бу даражага кўтарилган дастлабки университет жамоасига айланди.
2004 йилда Пауэлл Уэльс спорт шон-шуҳрати залидан жой олган, 2006 йилдаёқ энг кекса мураббий сифатида “Гиннесснинг рекордлар китоби”га киритилган. 2008 йилда кекса мураббий Британия империяси орденига сазовор бўлган.

ЭНГ КЕКСА БАСКЕТБОЛЧИ МАЙКЛ ЖОРДАН ЭМАС
Баскетбол жуда тезкор ва ҳар бир ўйинчининг бирор дақиқа ҳам бўшашишига йўл қўймайдиган спорт тури ҳисобланади. Лекин баскетболда ҳам ёши 40 дан ўтган бўлса-да, саватга тўп туширишга “тўймаган” спортчилар анчагина.
Улар ҳақида ўйлаганимизда биринчи навбатда кўз олдимизга афсонавий баскетболчи Майкл Жордан келади. Лекин Жордан жуда машҳур бўлса-да, бу борада етакчи эмас. У 40 ёшу 258 кунлигида ҳам расмий учрашувларда майдонга тушган, 40 ёшида ҳам бир ўйинда 40 очко тўплай олган ягона баскетболчига айланган.
Энди эса ёши улуғ баскетболчилар билан танишинг.
5. Карим Абдул-Жаббор. 42 ёшу 6 кун. МБАда 21 мавсум давомида майдонга тушган.
4. Дикембе Мутомбо. 42 ёшу 300 кун. Фаолияти давомида 4 марта “Лиганинг энг яхши ҳимоячиси” номини қўлга киритган.
3. Роберт Пэриш. 43 ёшу 254 кун. МБАнинг 4 карра чемпиони ва мусобақалар сони бўйича етакчиси (1611 марта). Пэриш ҳам 21 мавсум ўйнаган.
2. Кевин Уиллис. 44 ёшу 224 кун. МБАда 22 мавсум тўп ирғитган. 1992 йилда барча юлдузлар мусобақасига таклиф қилинган.
1. Нэт Хайки. 45 ёшу 363 кун. Бу баскетболчи МБА ташкил қилинмасидан олдин ҳам профессионал лигаларда ўйнаган.

БИР АСРЛИК СПОРТЧИ
2011 йилнинг 22 майида Куба спорти оғир жудоликка учради. Нафақат бу давлатнинг, балки дунёнинг амалдаги энг кекса спортчиси Рамон Кордобес 99 ёшида оламдан ўтди.
Кордобес сузиш билан 14 ёшидан буён шуғулланарди. 1998 йилда у кекса сузувчиларни бирлаштирган "Ёшликни жамлаган клуб”га асос солган ва умрининг охирига қадар бу клубда мураббийлик қилган.
Оқсоқол спортчи 2004 йилда Италияда ўтказилган сув спортининг “Мастерс” турнирида Куба шарафини қилиб, бир бронза ва иккита олтин медалларни қўлга киритганида 92 ёшда эди. Бассейнга нисбатан денгизда сузишни хуш кўрувчи Кордобес ичмас, чекмас ва умрининг охирига қадар тиниқ ақли ва ҳазилкашлик хусусиятини сақлаб қолганди. Интервьюларидан бирида у: “Менинг бобом 96, онам 95, отам эса 80 ёшда оламдан ўтишган. Мен уларнинг авлоди эканлигимдан фахрланаман”, – деганди.
Кордобес денгизда сузаётганида жон беришни орзу қилган ва жасадини денгизга ташлашларини васият қилган. Унинг васияти амалга оширилди.
Сардор тайёрлади.

 
УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ СОХТА “УЛУҒБЕК”ЛАРНИ ФОШ ҚИЛАДИ!
Шоу-бизнес
07.02.2012 г.
Image

Ўтган йили “Кўзларингга қараб”, “Бемор” каби қўшиқлар кириб бормаган хонадон қолмади, десак муболаға бўлмайди. Аслида бундай оммалашув шу қўшиқлар ижрочисининг даври келганини билдиради. Кузатган бўлсангиз, қайси хонанданинг омади чопса, у қайси қўшиқни куйлашидан қатъи назар, кўпчиликка бирдек ёқиб кетаверади. Улуғбекда ҳам бу ҳолат кузатиляпти. Мисол тариқасида санайдиган бўлсак, 2011 йилда у “Кўрмадим”, “Кўзларингга қараб”, “Оҳ, алам”, “Бемор” (ўзбекча-русча), “Хумора”, “Жоним” каби қўшиқлари билан рейтинги юқори санъаткорлар сафида эканлигини исботлаб қўйди. Аммо негадир тақдимот маросимида у ғолиб бўла олмади. Демак, суҳбатимизни шу жойидан бошлаймиз...  

Ижодий ҳаёт
– 2011 йил кўп қўшиқларингиз хитга айланди. Лекин тақдимот маросимида ғолибликни қўлга кирита олмадингиз? Алам қилмадими?
– Йўқ. Алам қилмади. Негаки, бунга ўзимни тайёрлаб улгурганман. Очиғи, бундан уч-тўрт йил олдин шунақа тақдирлаш маросимларида номзодим қўйилиб, ғолиб бўла олмаган пайтларим бироз хафа бўлардим, ўксинардим. Бугунга келиб шу нарсани тушуниб етяпманки, турли хил тақдирлашлар инсон ҳаётида у даражада муҳим эмас экан. Қолаверса, мен 2007 йилда “Йилнинг энг яхши эркак хонандаси” ҳамда “Йилнинг энг яхши клипи” номинациялари ғолиби бўлганман. Демак, фахрлансам бўлади ва мен бу чўққини забт этдим. Шундай бўлса ҳам бу йилги номинациялар орасидан қайсидирларига номзодим кўрсатилмаганидан ҳайратландим-у, лекин яна мен бу совринларга эришганман, мендан кейин ҳам яна кимлардир бунга эришиши керак, деган фикрларим менга таскин берди.
– Ўтган йил сўнгида Райҳон билан дуэт хабари тарқалди. Зулхумор Мўминова, Сардор Раҳимхон ва Зиёда билан дуэт куйлаганингизни инобатга олиб, Улуғбек фақат рейтинги яхши хонандалар билангина дуэтлар куйлайди, дея хулоса қилиш мумкин...
– Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлашим кераки, шу пайтгача куйлаган дуэтларимдан бирортаси ҳам менинг таклифим билан куйланмаган. Булар айнан ўша хонандалар томонидан тушган таклифлар ёки қайсидир лойиҳа асосида куйланган. Энди Райҳон билан куйланган дуэтга келадиган бўлсак, бу қизиқ бўлди. Очиғи, у билан салом-алигимиз бўлган-у, лекин иккимиз ҳам бир-биримизни яқиндан билмасдик. Дўстона муносабатларимиз ҳам шаклланмаганди. Бир куни Райҳон мени радиодаги “Love story” лойиҳасига таклиф қилди. Суҳбат давомида шунақа ҳолат юзага келдики, Райҳон мени ўзи учун, мен Райҳонни ўзим учун кашф этдим. Бу орада эса мухлисларимизнинг тинимсиз қўнғироқлари асосида шундай савол тушиб қолди: «Нега сизлар дуэт куйламагансизлар?» Бу саволга Райҳон қизиқиб қолди ва шу таклиф ўртага ташланди. Шу сабаб бўлиб Райҳон томонидан “Алдандим” номли дуэт қўшиқ ёзилди ва биз шуни куйладик.
Нега бу дуэт тезда тингловчиларга ҳавола этилмади?
– Ҳа шу саволни кутгандим. Чунки бунинг ўзига яраша сабаб бор эди. Ҳар иккимизнинг ҳам бу дуэтдан олдин мухлисларимизга ҳавола этишимиз керак бўлган қўшиқларимиз бўлганлиги туфайли бу намойиш бироз ортга сурилди. Мана ниҳоят, вақти-соати келди. 27 январ куни, яъни эртага ушбу дуэтни мухлисларимиз барча радиотўлқинларда тинглаш имкониятига эга бўлишади. Лекин энг қизиғи шундаки, қўшиқ номи иккита. Биринчиси “Ўқилмаган китоб”, иккинчиси “Алдандим”. Қайси бир ном тингловчилар қалбидан жой олса, шуниси қолади.
– Райҳоннинг концерти қолдирилди. Бунга қанақа муносабат билдирасиз?
– Малайзиядан қайтган куним шу хабарни эшитиб ҳайрон бўлдим. Чунки ҳар йили февралда унинг концерт беришига кўникиб қолган эдим. Шу сабаб дарҳол унга қўнғироқ қилдим. Райҳоннинг айтишига қараганда, унинг концерт бераётганига бу йил ўн йил тўлиши муносабати билан ушбу юбилей санани мутлақо бошқача ўтказишни хоҳлаган ва режадаги концертга улгура олмаган. Кейинги йили яхшилаб тайёргарлик кўрган ҳолда ўтказишини маълум қилди. Яна бир гап-сўзларга қараганда, унинг концерти шу йили ҳам бўлиб қолиши мумкин экан.
– Бу йил Шаҳзоданинг ҳам етти кун концерт бериши ҳақидаги гап-сўзлар бор. Балки шу хабар Райҳоннинг концертларига таъсир қилгандир?
– Мен бундай ўйламайман. Чунки Райҳон ҳеч қачон бировга қараб қолиб ёки бошқа санъаткорнинг кучидан қўрқиб концерт қилмайдиган санъаткор эмас! У ўз кучига ва мухлисларига ишонади. Қолаверса, Райҳон ва Шаҳзода мутлақо бир-бирига солиштириб бўлмайдиган иккита зўр хонанда.   
Атрофлича
– Ижодингиз гуриллаган йиллар…
– 2005, 2007, 2009-2011 йиллар. Орадаги йилларда юқорида айтганимдек, кимнингдир мендан фойдаланишига йўл қўйиб бердим ва айрим ҳолатларда бошимга тушган бу кунлар учун хасталаниб қолдим. Шукрки, яқинлар ва менга ишонадиганлар орқали оёққа туриб, мана яна кундан кунга ижодий муваффақиятларга ҳам эришяпман.
– “Машҳурлар шоуси” орқали яхшигина шоу бошловчиси эканлигингизни намойиш этдингиз. Лекин телебошловчиликка ёки шоулар ташкил қилишга қизиқмайсиз?
– Очиғи, mashhur.uz интернет портали томонидан ташкил қилинган шу шоуда тасодифан бошловчилик қилиш насиб этди. Бу ҳолатнинг шунчалик шов-шув бўлишини сезмаган эдим. Бундан жуда хурсандман. Лекин олдин телевидение, радиолардан нимадир лойиҳалар қилиб бошловчилик қилишимни айтишганда рози бўлмагандим. Негаки, икки қуённинг ортидан югурган одам ҳеч нарсага эриша олмайди. Мен эса ижоддан четланиб қолишни хоҳламайман. Телевидениеда кўрсатувларга бошловчилик қилмаётганимнинг яна бир сабаби бизнинг кун тартибимиз ўзимизга боғлиқ бўлмаганлигида. Қайсидир хизматга чақириб қолишса, менга ишонган одамларнинг юзини ерга қаратиб қўйишим мумкин. Балки йиллар ўтиб, ўз шоумни ташкил қиларман.
– Ўзингиз шахсан эълон қилишни хоҳлаган янгилик?
– Азиз мухлисларим, мен “Одноклассники”да ўз “профилим”ни очдим. Бунга мени мажбур қилган ҳолат айнан менинг номимдан Улуғбек Раҳматуллаев бўлиб олиб мухлисларимни аладаётган ва бошқа ҳамкасбларим устидан турли хил мағзаваларни ағдараётган нопок кимсаларнинг борлиги бўлди. Тасаввур қилинг, интернетда роппа-роса 45 та “Улуғбек”лар ўтириб олишибди. Шунинг учун мен бунга курашиш ниятида ўз профилимни рўйхатдан ўтказдим. Энг қизиғи, рўйхатдан ўз номим билан эмас ulug`bek original номи билан ўтдим. Нега дейсизми? Чунки ўзимнинг номим билан аллақачон очиб бўлишган. Фурсатдан фойдаланиб барча мухлисларимга ўша сайтга кирсангиз, фақатгина ulug`bek original номи билан боғланишингизни ва бошқа Улуғбекларни унутишингизни сўрайман. Қолганлар сохта! Мен очган профилда яна мухлисларни ишонтириши мумкин бўлган жиҳат унда менга укам Дилшод Раҳматуллаев дўстлашиш таклифини жўнатганлиги. Илтимос, бошқа алданиб юрманг!
– Омон бўлинг. Суҳбат учун мухлислар номидан сизга ташаккур. Сиз ҳам алданманг!

УНИНГ 12 ТАНЛОВИ
Санъат ва шоу-бизнес
1. Озодбек Назарбеков, Жаҳонгир Отажонов, Отабек Муҳаммадзоҳид?
– Мендан ҳамиша маслаҳатларини аямайдиган инсон бу Озодбек Назарбеков.
2. “Болалар”, “Шаҳзод”, “Хўжа”?
– “Болалар” гуруҳи.
3. Шаҳзода, Райҳон, Лола?
– Райҳон.
4. Рухшона, Дилсўз, Ширина?
– Рухшона.
5. “Давр”, “Уммон”, “Беном”?
– “Давр” кўпроқ ёқади.
6. “Сурхон”, “Сато”, “Сарбон”?
– Сўнгги пайтларда “Сато” анча кўзга ташланяпти.
7. Севинч Мўминова, Нилуфар Усмонова, Зиёда?
– Нилуфар Усмонова.
8. Алишер Узоқов, Адиз Ражабов, Азиз Раметов?
– Алишер Узоқов.
9. Дилноза Кубаева, Жамила Ғофурова, Шаҳзода Матчонова?
– Дилноза Кубаева.
10. “Заковат”, “Қопқон”, “Брейн ринг”?
– “Қопқон” ўйини қизиқарлироқ.
11. Лола Зуннунова, Роксана, Севдо Ниёзова?
– Севдо Ниёзова ва “Тошкент оқшомлари” кўрсатуви.
12. “Мирза” театри, “Ҳандалак”, “Қаҳқаҳа”?
– “Мирза” театри.
Бахтиёр Расулов суҳбатлашди.

 
АЁЛ ТИРНОҚҚА ЗОР БЎЛМАСИН…
Саломатлик
07.02.2012 г.
Image Untitled Document

Фарзанд – оиланинг умиди, бахту қувончи, таянчи, чароғбони ва келажаги. Фарзандли оилада бағри бутунлик, шоду хуррамлик бўлади. Зеро, «Болали уй – бозор, боласиз уй – мозор», деб бекорга айтишмаган. Дунёдаги ҳар бир аёл фарзандли бўлишни, гўдак исига тўйишни хоҳлайди. Фарзанди тимсолида ўзининг орзу-истакларини, умидларини кўради. «БЕПУШТ» деган ташхис эса аёлнинг кўнглини қаттиқ оғритиши шубҳасиз...

Никоҳдан сўнг аёл бир йил ичида ҳомиладор бўлмаса, бепушт саналади. Турмуши давомида умуман бола кўрмаса бирламчи бепуштлик, битта фарзанд кўргач, қайта ҳомиладор бўлмаса иккиламчи бепуштлик сифатида қайд этилади. Мутлақ (иложсиз) бепуштликка эса аёлда жинсий аъзолар (бачадон, тухумдон) туғма йўқлиги сабабчидир. Текширувларда аниқланишича, бепуштликка олиб келувчи асосий сабабларни уч турга бўлиш мумкин экан.
ОВУЛЯЦИЯНИНГ БУЗИЛИШИ
Ўттиз беш-қирқ фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик кузатилади. Тухум ҳужайра (уруғ) тухумдонда етилади, шунинг учун тухумдон ҳа­қида аниқроқ тушунча бериб ўтсак. У аёллардаги бир жуфт жинсий без бўлиб, бачадоннинг икки ёнида (кичик чаноқда) овалсимон шаклда жойлашган. Тухумдонда тухум ҳужайра ҳосил бўлишдан ташқари қонга гормон (фолликулин) ишлаб чиқарилади. Бу гормон аёллар жинсий аъзолари фаолиятининг меъёрида бўлишида катта рол ўйнайди ва иккиламчи жинсий белгилар (овознинг ўзгариши, кўкрак безлари ривожланиши, чаноқ кенгайиши)ни пайдо қилади. Одатда ҳар 28 кунда тухумдонда бит­та тухум ҳужайра етилади, бу овул­яция дейилади. Кўпинча эса организмдаги гипофиз ва гипоталамус безлари ишлаб чиқарадиган гормонларнинг етишмовчилиги оқибатида ановуляция (уруғ етилмаслиги) кузатилади. Бунда ҳайз келиш муддати издан чиқади, баъзан аменорея (ҳайзнинг узоқ муддат келмай қолиши) рўй беради, гоҳида эса ҳайз маромида келиб турганда ҳам ановуляция кузатилади. Кучли шамоллаш, руҳий изтироблар, буйрак усти безининг андроген гормонларни ҳаддан зиёд кўп ишлаб чиқариши, сурункали тухумдон яллиғланиши, буқоқ хасталиги сингарилар ҳам кўпинча ановуляция жараёнини келтириб чиқаради. Хуллас, бу жараённи ҳозирда аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Текширув да­вомида қондаги гормонлар миқдори аниқланади, ультратовуш ёрдамида тухумдон ҳолати аниқланади ёки лапароскоп билан бачадон ичи синчиклаб текширилади. Шунда бирорта нуқсон сезилса, бартараф қилинади. Шунингдек, бугунги замонавий тиббиётда турли гормон препаратлари қўллаш орқали тухумдонда уруғ етилтирилади ва бе­пушт­ликка барҳам берилади.
БАЧАДОН НАЙЛАРИДАГИ НУҚСОНЛАР
Асосан 20-30 фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик рўй беради. Бачадон найлари тухум йўллари ёки фаллопий найлари деб ҳам юритилади. Унинг узунлиги 10-12 сантиметр бўлиб, тухумдонда етилган тухум ҳу­жайра шу найлардан бачадонга ўтади. Ўнг тарафдаги най чап томондагига нисбатан узунроқ. Бачадон найларининг тешиги бачадонга қа­раб очилади. Баъзан оталанган тухум ҳужайра бачадон найларининг яллиғланиши (ёки торлиги, қинғир-қийшиқлиги) туфайли ҳаракатлана олмай, найнинг бирор қисмига жойлашиб қолади (бунда бачадондан ташқари ҳомиладорлик рўй беради). Бачадон найларининг девори бириктирувчи, мушак ва шиллиқ қаватдан иборат. Сурункали руҳий изтироблар, жин­сий гормонлар ишлаб чиқарилишининг издан чиқиши, яллиғланишлар (сўзак, хламидиоз, захм сингарилар) оқибатида ҳам бачадон найларида турли нуқсонлар келиб чиқади. Бундан ташқари, қорин бўшлиғи соҳасида амалга оширилган жарроҳлик муолажалари ёки ички ўткир касалликлар (масалан, кўричак, перитонит, полиплар, эндеметриоз)­дан кейин ҳам бачадон найларида нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Бепуштликка сабаб бўлувчи бачадон найларидаги нуқсонлар ультратовуш текширувлари ва рентген аппарати ор­қали аниқланади ва муолажа қилинади.
ТУРЛИ ГИНЕКОЛОГИК ХАСТАЛИКЛАР
Бачадон касалликларида қўлланган гормонлар натижасида бачадон қа­ват­ларининг ўзгариши, туғуруқдан ке­йинги жиддий асоратлар, бачадон ўсмалари (миома, киста, полиплар) ва сурункали кечган яллиғланишлар 15-20 фоиз аёлларда бепуштликни келтириб чиқаради. Масалан, кольпит (вагинит), метроэндометрит (бачадоннинг мушак ва шиллиқ қавати яллиғланиши), аднексит (бачадон найлари ва тухумдоннинг яллиғланиши), вульвовагинит (қин яллиғланиши), эндоцервицит (бачадон шиллиқ қаватининг яллиғланиши) каби хасталиклар сурункали кечган ҳолларда бепуштликка сабаб бўлади. Шунингдек, аёлларда учрайдиган бачадон аденомиози ва ташқи жинсий аъзоларидаги оғир жараёнлар ҳам бепушт­ликка олиб келади. Жинсий аъзолар яллиғланиши хасталикларини даволаш учун аёл биринчи галда инфекцион дардлардан сақланиши лозим. Чунки кўп ҳолларда бундай яллиғланишларни турли инфекциялар (сил таёқчалари, замбуруғлар, го­нококк­лар) келтириб чиқаради. Шунингдек, нерв ва эндокрин тизимидаги ўзгаришлар, қон-томир ва юрак касалликлари ҳам жинсий аъзолар ишини ёмонлаштиради. Демак, жинсий аъзолар касалликларининг бирор тури аниқланиши биланоқ аёл дарҳол даволаниши лозим.
Маҳмуда Имомқулова, олий тоифали гинеколог

 
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

Натижалар 1 - 16 1217